Тошкент супермаркетларидаги баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари нархи арзонлади
Энг кўп нарх тушиши картошкада кузатилган бўлса, помидор нархи юқорилаган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан 2025 йил март ойида Тошкент шаҳридаги йирик супермаркетларда 21 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари мониторинги ўтказилди.
Олинган натижалар баъзи маҳсулотлар нархида пасайиш кузатилганини, айримларида эса нархнинг ошганлигини кўрсатди. Бир қатор маҳсулотларнинг нархи эса ўзгаришсиз қолган.
Мониторинг натижаларига кўра, 6 номдаги озиқ-овқат маҳсулоти минимал нархлари пасайган. Хусусан, картошканинг минимал нархи 19,8 фоиз, сариқ пиёзники 10,3 фоиз, қизил сабзиники 3,4 фоиз, тухумники 2,1 фоиз, бананники 0,9 фоиз, кунгабоқар ёғиники 0,6 фоиз пасайган.
7 номдаги маҳсулот бўйича минимал нархлар ошган. Айниқса, помидор нархида энг катта ўсиш қайд этилди. Бу мавсумий омил билан боғлиқ. Пасайишнинг асосий сабаби бозор ҳолати ва импорт билан боғлиқ омиллар ҳисобланади.
8 номдаги маҳсулотнинг энг паст нархлари ўзгаришсиз қолган. Булар - буғдой уни, гуруч, макарон, оқбош карам, олма, товуқ гўшти (филе), сут ва шакардир.
Аввалроқ, февраль ойида йиллик инфляция 10 фоиздан ошгани хабар берилган эди.