Binance Ўзбекистонда расман иш бошлади
Фуқаролар эндиликда Coinpay расмий сайтидаги махсус бўлим орқали крипто-биржада савдо қилиши мумкин.
17 январь куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) дунёнинг энг йирик крипто-биржаларидан бири бўлган Binance билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш масаласини ҳал қилганди.
Бу ҳамкорлик доирасида Binance платформаси ўз хизматларини Coinpay орқали тақдим этишга келишиб олинди. Интеграция ишлари муваффақиятли якунлангандан сўнг, Coinpay расмий сайтида Binance бўйича махсус бўлим — coinpay.uz/binance ишга туширилди.
Энди фойдаланувчилар крипто-активлар билан операцияларни хавфсиз ва қулай тарзда амалга ошириши, миллий валютада банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали маблағ киритиш ва чиқариши мумкин.
Эслатма ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон фуқаролари Binance платформасига фақат coinpay.uz/binance сайтида кўрсатилган ҳавола орқали кириши мумкин. Маблағ киритиш ва чиқариш жараёнлари фақат банк карталари ёки миллий тўлов тизимлари орқали, миллий валютада амалга оширилади.
Платформада тўғридан-тўғри, кўрсатилган ҳаволаларсиз кириб амалга оширилган барча P2P ўтказмалар крипто-активлар айланиши бўйича қонун талабларини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.
Мавзуга доир: Bitcoin’нинг 2025 йилги нархи ҳақида таҳлилчилар қандай прогнозларни илгари сурмоқда?