12 081.630 so‘m

decrease

-20.760

13 837.090 so‘m

decrease

-153.270

150.440 so‘m

decrease

-2.640

12 081.630 so‘m

decrease

-20.760

5 соат аввал
Иқтисодиёт
56

“Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларидаги мис ва олтин захиралари камида 100 йилга етади

“Ёшлик-1” кони ва “Қалмоққир” конида жами 45 млн тонна мис ҳамда 5 минг тоннадан ортиқ олтин захираси мавжуд. Маълум қилинишича, ушбу ресурслар мамлакат саноатини камида 100 йил давомида хомашё билан таъминлай олади.

“Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларидаги мис ва олтин захиралари камида 100 йилга етади

Бугун Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.

Таъкидланишича, 2026 йилнинг ўзида ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобига мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йил ичида амалга ошириладиган янги лойиҳалар эса ушбу кўрсаткични янада оширади.

Президент нутқида мисга бўлган глобал талаб тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Бугунги кунда бу металл саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ҳамда “яшил” технологиялар учун стратегик хомашё ҳисобланади.

“Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, у келажак саноатини барпо этади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт ва мамлакатга қудрат олиб келади.

Шу боис биз ислоҳотларнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ҳамда уларни ишга солиш имкониятларини аниқлаб олдик”, — деди президент.

Аввалроқ кўпчилик “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш қийин, деган фикрда бўлган. Бироқ ҳозирда лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 млн тонна руда қазиб олинади. Келгуси икки йил ичида бу кўрсаткич 60 млн тоннага етказилиши режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, “Ёшлик-1” кони ва “Қалмоққир” конида жами 45 млн тонна мис ҳамда 5 минг тоннадан ортиқ олтин захираси мавжуд. Ушбу ресурслар мамлакат саноати учун камида 100 йилга етадиган барқарор хомашё базасини таъминлайди.

Бундан ташқари, конларда молибден, селен, теллур ва рений каби ноёб металлар ҳам мавжуд бўлиб, улар янги инновацион йўналишлардаги саноат лойиҳалари учун муҳим замин яратади.

3-мис бойитиш фабрикаси тўлиқ ишга туширилгач, Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 2,4 минг тоннадан 5 минг тоннага етади. Лойиҳа доирасида 6 мингдан ортиқ ёшлар юқори даромадли иш ўринлари билан таъминланади.

Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-конь саноатидаги илғор технологиялари жорий этилмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилиб, сунъий интеллект асосида ягона бошқарув тизимига уланади.

Натижада энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга камайиши, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошиши кутилмоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+