Январь ойида республика бўйича уй-жой бозори қандай ўзгарди?
Январь ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди бозорида фаоллик сезиларли даражада ошди. Битимлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 12 фоизга кўпайди. Айниқса, Тошкент шаҳрида савдолар ҳажмининг жадал ўсиши кузатилди.

Январь ойида республика бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони 28,6 мингтани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 12 фоизга юқори бўлиб, кўчмас мулк бозорида ижобий фаоллик сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Йил бошидан буён республика ҳудудларида кўчмас мулк савдолари динамикаси ижобий тенденция намоён этмоқда. Савдолар ҳажмининг қарийб учдан бир қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда битимлар сони 33,4 фоизга ошди. Бу республика ҳудудлари орасида энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида битимлар сони 26 фоизга, Сирдарё вилоятида эса 24 фоизга ўсиб, ҳудудий бозорларда ҳам фаоллик сезиларли даражада кучайгани қайд этилди.
Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар динамикаси
Январь ойида республика миқёсида иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг мўътадил ўсиши кузатилди. Хусусан, 1 квадрат метр учун ўртача нарх ойлик ҳисобда 0,9 фоизга ошган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 8 фоизни ташкил этди.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда уй-жой нархлари ўртача 24 фоизга ошган. Шу билан бирга, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам нархлар 16 фоизга ўсди.
Тошкент шаҳрида уй-жой бозори: иккиламчи ва бирламчи сегментлар
Январь ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида 1 квадрат метр учун ўртача нарх қарийб 1120 АҚШ долларини ташкил этди. Бу ойлик ҳисобда 0,6 фоизга, йиллик ҳисобда эса қарийб 2 фоизга ўсган.
Иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Яккасарой (5,7 фоиз) ва Мирабад (4,3 фоиз) туманларида кузатилди.
Шу билан бирга, пойтахтнинг бирламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши нисбатан юқори суръатларда кечди. Янги қурилган уй-жойларда 1 квадрат метр учун ўртача нарх ўтган йилга нисбатан 9 фоиздан кўпроққа ошди.
Бирламчи бозорда нархлар ўсишининг энг юқори кўрсаткичлари Мирабад (18,4 фоиз) ва Мирзо-Улуғбек (17,3 фоиз) туманларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ижара бозори таҳлили
Январь ойида пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача қиймати 1 квадрат метр учун қарийб 8,8 АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга юқори.

Ижара нархларининг энг юқори даражаси Мирабад, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо-Улуғбек туманларида сақланиб қолмоқда. Ушбу ҳудудларда ижара нархи 1 квадрат метр учун ўртача 11 доллар атрофида.
Айни пайтда ижара нархларининг ўсиш суръатлари Олмазор, Юнусобод, Яшнобод, Чилонзор ва Мирзо-Улуғбек туманларида янада жадаллашиб, мазкур ҳудудларда йиллик ўртача ўсиш қарийб 13 фоизни ташкил этди.









