“Янги банк” тугатилмоқда: Марказий банк лицсензияни чақириб олди
Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарорига кўра, “Янги банк” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси бекор қилинди.
Қарор устав капитали бўйича минимал талаблар бажарилмагани ва қатор қонунбузарликлар аниқлангани билан боғлиқ.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 32 мингдан ортиқ омонатчининг кафолатланган маблағлари тўлиқ қайтарилади.

Марказий банк Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги қарорига асосан “Янги банк” акциядорлик жамиятига банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинди.
Қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли самара бермагани билан изоҳланди. Хусусан, банк устав капитали қонунчиликда белгиланган энг кам талаб даражасига етказилмаган, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим мажбурий талаблар бажарилмаган.
Қонунчиликка мувофиқ, “Янги банк”ни белгиланган тартибда тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Bank фаолиятини якунлаш жараёнини бошқариш учун тугатиш комиссияси тайинланди ва унга тегишли ваколатлар берилди.
Марказий банкнинг маълум қилишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, банкдаги 32 526 нафар омонатчининг 32 153 нафарига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади.
Қолган 373 нафар омонатчининг кафолатланган лимитдан ортиқ маблағлари эса тугатиш комиссияси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади. Омонатларни тўлаш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади.
Лицензия нега чақириб олинди?
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори 2025 йил 1 январдан бошлаб 500 млрд сўмни ташкил этиши лозим. Бироқ, 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, “Янги банк”нинг устав капитали атиги 355 млрд сўмни ташкил этган.
Марказий банк томонидан банк кузатув кенгаши ва бошқарувига устав капиталини белгиланган минимал даражага етказиш зарурлиги юзасидан бир неча бор ёзма огоҳлантиришлар берилганига қарамай, мазкур талаб бўйича етарли амалий чоралар кўрилмаган.
Шунингдек, айрим молиявий операцияларни амалга оширишда белгиланган чекловларга риоя этилмагани ҳам аниқланган. Мазкур ҳолатлар “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 54-моддасига мувофиқ жиддий қоидабузарликлар ҳисобланади.
Бундан ташқари, Қонуннинг 77-моддасига кўра, банк кетма-кет уч чорак давомида регулятив капиталининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрган бўлса ёки зарар миқдори регулятив капиталнинг 50 фоизидан ошган (ёки бундай хавф мавжуд бўлган) тақдирда банк лицензиясини чақириб олиш учун асос вужудга келади.
Марказий банк омонатлар давлат томонидан кафолатланишини алоҳида таъкидлади. Кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўловлари юзасидан Омонатларни кафолатлаш агентлиги жамоатчиликка расмий ва ишончли ахборот бериб боради.
Қўшимча маълумотни Омонатларни кафолатлаш агентлигининг +998 55 550 05 00 рақамли ишонч телефони орқали олиш мумкин.









