11 821.180 so‘m

increase

14.210

13 419.400 so‘m

decrease

-11.030

140.440 so‘m

increase

0.580

11 821.180 so‘m

increase

14.210

Якин 2 соат ичида
Банк
22

Yangi Bank бош офиси 43 млрд сўмга арзонлаштирилиб, яна сотувга қўйилди

Тугатилаётган Yangi Bankнинг Тошкент марказидаги бош офиси 120 млрд сўм бошланғич нархда қайта аукционга чиқарилди. Харидор топилмаган аввалги савдога нисбатан бино 43,3 млрд сўм ёки 26,5 фоизга арзонлаштирилган. Аризалар 5 октябргача қабул қилинади.

Yangi Bank бош офиси 43 млрд сўмга арзонлаштирилиб, яна сотувга қўйилди

Yangi Bank тугатиш комиссияси банкнинг Юнусобод тумани Амир Темур шоҳ кўчаси, 99-уйда жойлашган собиқ бош офисини яна сотувга қўйди.

Объектнинг бошланғич нархи 120 млрд сўм этиб белгиланган. Июнь ойида бино 163,3 млрд сўмдан аукционга чиқарилган, бироқ белгиланган савдолар ўтказилмай, лот кейинчалик бекор қилинганди. Шу тариқа, янги аукционда нарх 43,3 млрд сўмга пасайтирилди.

2017 йилда қурилган беш қаватли бинода 47 та хона мавжуд. Унинг умумий майдони 3 648 квадрат метрни, фойдали майдони эса 2 548,36 квадрат метрни ташкил этади. Ер участкаси 0,254 гектарга тенг.

Бошланғич нархдан келиб чиқилса, бинонинг ҳар бир квадрат метри умумий майдон бўйича қарийб 32,9 млн сўмга баҳоланган.

Лот тавсифида бино яхши ҳолатда экани, электр, газ, сув ва канализация тармоқларига улангани қайд этилган. Бироқ ҳудудда 54 квадрат метр майдонда ўзбошимчалик билан қурилган иншоот ҳам мавжуд.

Аукционда қатнашиш учун 1,2 млрд сўм, яъни бошланғич нархнинг 1 фоизи миқдорида закалат киритиш талаб этилади. Савдо босқичи 6 млрд сўмни ташкил қилади. Аризалар 5 октябрь соат 09:00 гача қабул қилиниб, аукцион бир соатдан кейин бошланади.

Бино Yangi Bank’нинг тугатилиши доирасида сотилмоқда. Марказий банк 2026 йил 15 январда банк лицензиясини бекор қилган. Регуляторга кўра, банк раҳбарияти ва кузатув кенгаши устав капиталини ошириш зарурлиги ҳақида бир неча марта огоҳлантирилган, аммо камчиликларни бартараф этиш учун етарли чоралар кўрилмаган.

Фаолияти тўхтатилган пайтда Yangi Bankнинг ўз капитали 182,9 млрд сўмгача тушиб, банклар учун белгиланган 500 млрд сўмлик энг кам талабдан 317,1 млрд сўм кам бўлган. Тақсимланмаган зарар эса 171 млрд сўмга етган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+