11 847.160 so‘m

increase

52.280

13 843.410 so‘m

increase

157.810

141.440 so‘m

increase

2.770

11 847.160 so‘m

increase

52.280

Якин 27 дақиқа ичида
Иқтисодиёт
46

Хитой қандай қилиб Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторига айланди?

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитларнинг 47 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келди. 

Хитой капитали иштирокидаги корхоналар сони бир йилда 46,8 фоизга ўсиб, 6 241 тага етди. 

Pinkod Хитойнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги улуши нима ҳисобига бу қадар тез ошаётганини таҳлил қилди. 

Хитой қандай қилиб Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторига айланди?

2026 йил 1 август ҳолатига Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги 20 973 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 6 241 таси ёки 29,8 фоизи Хитой капитали иштирокида ташкил этилган.

Таққослаш учун, Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 3 512 та, Туркияники 2 327 тани ташкил қилмоқда. Демак, Ўзбекистондаги Хитой компаниялари сони Россияникидан 1,8 баравар, Туркияникидан эса 2,7 баравар кўп. 

Хитойнинг устунлиги нафақат сон, балки ўсиш суръатида ҳам кўринмоқда. 2025 йил 1 августда бундай корхоналар сони 4 250 та эди. Бир йил ичида кўрсаткич 1 991 тага ёки 46,8 фоизга ошган.

Шу даврда хорижий инвестицияли корхоналарнинг умумий сони 26,3 фоизга кўпайган. Хитой компаниялари эса бундан қарийб икки баравар тезроқ ўсди. Натижада уларнинг умумий кўрсаткичдаги улуши 25,6 фоиздан 29,8 фоизгача, яъни 4,2 фоиз пунктга кенгайди. Бир йилда қўшилган 4 364 та хорижий корхонанинг қарийб 46 фоизи айнан Хитой ҳиссасига тўғри келган. 

Хорижий маблағларнинг 47 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган

Хитойнинг иқтисодиётдаги таъсири инвестиция ҳажмида янада яққол. 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда асосий капиталга 338,9 трлн сўмлик инвестиция ўзлаштирилган. Шундан 69,5 фоизи хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига молиялаштирилган.

Хорижий маблағларнинг 47 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келган. Эълон қилинган улушлар асосида ҳисобланганда, Хитойдан жалб қилинган инвестиция ва кредитлар қарийб 110,7 трлн сўмни ташкил қилади. Бу мамлакатдаги жами асосий капитал инвестицияларининг 32,7 фоизига тенг.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида Хитойнинг хорижий инвестиция ва кредитлардаги улуши 36,2 фоиз эди. Бир йил ичида бу кўрсаткич 10,8 фоиз пунктга ошган. Ҳисоб-китобларга кўра, Хитой маблағлари ҳажми қарийб 70,8 трлн сўмдан 110,7 трлн сўмга етган, яъни тахминан 56 фоизга кўпайган.

Импорт экспортдан 5,7 баравар кўп

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори ҳам ҳисобланади. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 9,5 млрд долларга етиб, Ўзбекистон умумий ташқи савдосининг 23,1 фоизини ташкил қилган. Россия билан савдо 7 млрд доллар, Қозоғистон билан эса 2,8 млрд доллар бўлган.

Бироқ савдо таркибида катта номутаносиблик мавжуд. Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти 32,4 фоизга ошиб, 1,42 млрд долларга етган бўлса, Хитойдан импорт 39,3 фоизга кўпайиб, 8,05 млрд долларни ташкил қилган.

Шу тариқа, Хитойдан импорт ушбу давлатга экспортдан 5,7 баравар кўп бўлган. Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо тақчиллиги олти ойда 6,63 млрд долларга етган. Хитой мамлакат жами экспортининг қарийб 9 фоизини қабул қилган, бироқ импортнинг 32 фоизини етказиб берган.

Айрим бозорларда концентрация бундан ҳам юқори. Масалан, ярим йил давомида Ўзбекистонга 37 874 та электромобиль импорт қилинган бўлса, шундан 37 560 таси Хитойдан келтирилган. Бу жами электромобиль импортининг 99,2 фоизига тенг. Уларнинг умумий қиймати 447,7 млн долларни ташкил қилган.

Хитой қандай қилиб биринчи ўринга чиқди?

Хитойнинг Ўзбекистондаги энг йирик инвесторга айланиши битта қарор ёки алоҳида лойиҳа натижаси эмас. Бу Ўзбекистоннинг саноат, энергетика ва инфратузилмани тез янгилашга бўлган эҳтиёжи билан Хитойнинг капитал, ускуна ва қурилиш қувватларини ташқи бозорларга олиб чиқиш сиёсати бир вақтда тўғри келгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсган, инвестициялар ҳажми эса 10,5 фоизга кўпайган. Тез ўсаётган аҳоли, шаҳарлашув ва ишлаб чиқариш электр тармоқлари, транспорт ҳамда коммунал инфратузилмани кенгайтиришни талаб қилмоқда. 

Хусусан, мамлакат 2030 йилгача 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини ишга туширишни мақсад қилган. Бироқ Жаҳон банки мавжуд электр тармоқлари бу ҳажмни қабул қилиш учун зудлик билан модернизация қилиниши кераклигини қайд этган.

Хитой компаниялари айнан Ўзбекистонда катта эҳтиёж мавжуд бўлган энергетика, тоғ-кон ва металлургия, кимё, автомобилсозлик, қурилиш, логистика ва рақамли инфратузилма соҳаларида кучли.Улар кўп ҳолларда лойиҳага фақат сармоядор сифатида эмас, балки кредитор, пудратчи ва ускуна етказиб берувчи сифатида ҳам кирмоқда. 

Шу сабаб битта йирик лойиҳа бир вақтнинг ўзида Хитойдан инвестиция, кредит, импорт ва янги корхоналар оқимини оширади.

Давлатлараро инвестиция ҳамкорлиги кенгаймоқда

Бу жараён икки давлат ўртасида шаклланган йирик инвестиция лойиҳалари портфели билан қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, Хитой билан қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 60 млрд доллардан ошган.

Фақат 2024 йилнинг ўзида умумий қиймати 10 млрд доллардан зиёд бўлган 64 та лойиҳа ишга туширилган. Айни пайтда BYD электромобилларини ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, муҳим минералларни қайта ишлаш, яшил энергетика, жамоат транспорти ва пуллик автомобиль йўллари бўйича янги лойиҳалар тайёрланган.

Хитой капитали учун молиявий ва институционал шароитлар шаклланган

Молиялаштириш модели ҳам Хитойнинг устунлигини тушунтиради. Хитой Эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки ва “Ипак йўли” жамғармаси йирик ва узоқ муддатли лойиҳаларни молиялаштириш имконига эга. 

Хитой Эксимбанкининг минтақавий филиали Тошкентда очилган, банк маблағлари ҳисобидан Олимпия шаҳарчаси қурилган. Бу Хитой капитали учун бир марталик битимлардан кўра доимий молиявий инфратузилма шаклланаётганини кўрсатади.

Ўзбекистонда инвесторларга берилган имтиёзлар ҳам муҳим роль ўйнамоқда. OECD таҳлилига кўра, махсус иқтисодий зоналардаги компаниялар инвестиция миқдорига қараб божхона тўловлари, мол-мулк, ер ва сув солиғидан вақтинча озод этилиши мумкин. Хитой компаниялари учун бу ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда йўлга қўйиш, маҳаллий бозорга кириш ва қўшни давлатларга маҳсулот сотиш харажатларини пасайтиради.

Ички талаб заифлиги Хитой компанияларини ташқи бозорларга ундамоқда

Хитойнинг ўз иқтисодиётидаги вазият ҳам компанияларни ташқи бозорларга ундамоқда. Халқаро валюта жамғармаси Хитойда ички талаб заифлигича қолаётгани, нисбатан паст инфляция эса Хитой товарларини ташқи бозорларда арзонлаштирганини қайд этган

АҚШ ва Европа бозорларида савдо тўсиқлари кучаяётган бир пайтда, Марказий Осиёдаги 37 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистон Хитой компаниялари учун янги савдо ва ишлаб чиқариш майдонига айланмоқда.

Ташқи савдо бу жараённи янада тезлаштиряпти. Хитой Ўзбекистон импортининг 32 фоизини таъминламоқда. Мамлакат импортида машиналар ва транспорт ускуналари 8,25 млрд доллар билан энг катта товар гуруҳини ташкил қилган.

Хитойдан келаётган ускуна, автомобиль, электроника ва бутловчи қисмлар ортидан уларни сотиш, йиғиш, таъмирлаш ва логистика билан шуғулланувчи янги компаниялар ҳам пайдо бўлмоқда. Шу боис 6 241 та корхонанинг барчасини йирик саноат инвестори сифатида баҳолаб бўлмайди. Улар орасида импорт ва савдо билан шуғулланувчи кичик бизнеслар ҳам бўлиши мумкин.

Транспорт йўлакларининг ўзгариши ҳам Хитой капиталининг кириб келишини енгиллаштирмоқда. “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли Ўзбекистонга Хитой билан қисқароқ ва тўғридан-тўғри алоқа имконини беради. У келажакда Транскаспий ва жанубий йўлаклар билан боғланса, Россия орқали ўтувчи анъанавий Шимолий йўналишга муқобил маршрут шаклланиши мумкин.

Россиянинг Украинага босқини таъсири

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва ундан кейинги санкциялар бу диверсификацияга қўшимча туртки берди. 

Уруш Россия орқали ўтадиган логистика йўлларида харажатлар ва геосиёсий хатарларни оширди, Россия компанияларининг халқаро молия ва айрим технологияларга киришини чеклади. Натижада Ўзбекистон учун инвестиция ва транспорт йўналишларини кўпайтириш янада муҳимлашди.

Бироқ буни Ўзбекистон Россиядан иқтисодий жиҳатдан узоқлашаётгани сифатида талқин қилишга ҳозирча асос етарли эмас. Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони ҳам бир йилда 3 093 тадан 3 512 тага, яъни 13,5 фоизга кўпайган. Россия 7 млрд долларлик савдо айланмаси билан иккинчи йирик ҳамкор ва 2,37 млрд долларлик кўрсаткич билан Ўзбекистоннинг асосий экспорт бозори бўлиб қолмоқда.

Асосий ўзгариш Россиянинг мутлақ пасайишида эмас, Хитойнинг анча тез ҳаракат қилаётганида. Хитой Ўзбекистоннинг инфратузилма ва саноатга бўлган талабини давлат банклари маблағлари, йирик пудратчилар, арзонроқ ускуналар ва кенг ишлаб чиқариш занжири билан бирлаштира олди. 

Натижада Россия билан анъанавий алоқалар сақланиб қолаётган бир пайтда, иқтисодиётдаги янги инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларининг маркази тобора Хитой томонга силжимоқда.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+