Хитой Доналд Трампга жавоб сифатида АҚШ маҳсулотларига 34% бож жорий қилди
Хитой ҳукумати, шунингдек, 27 та АҚШ компаниясини санкциялар ва экспорт назорати остига киритди.

Хитой ҳукумати 10 апрелдан бошлаб Қўшма Штатлардан импорт қилинадиган барча маҳсулотларга 34 фоизлик бож ставкаси жорий этилишини эълон қилди. Бу чора АҚШ Президенти Доналд Трамп томонидан эълон қилинган "Озодлик куни" тарифларига жавобан кўрилган қатор асосий чоралар доирасида амалга оширилмоқда.
Хитой Савдо вазирлиги баёнотида айтилишича, янги божлар АҚШнинг Хитой экспортларига нисбатан белгилаган 34 фоизлик "ўзаро" тарифига тенгдир. Шунингдек, Хитой юқори технологияли соҳаларда муҳим аҳамиятга эга бўлган камёб ер минераллари— жумладан самарий ва гадолинй каби элементлар — экспорти устидан ҳам янги назорат чораларини жорий қилмоқда.
Самарий аэрокосмик ва мудофаа саноатида қўлланилса, гадолинй тиббиётда, хусусан, МРТ қурилмаларида кенг фойдаланилади.
Хитой ҳукумати, шунингдек, 27 та АҚШ компаниясини санкциялар ва экспорт назорати остига киритди. Улардан 16 таси "икки томонлама" (фуқаролик ва ҳарбий) технологиялар экспортига тақиқ остига олинган. Рўйхатда High Point Aerotechnologies ва Universal Logistics Holding каби йирик компаниялар мавжуд.
Шу билан биргаликда, Пекин Жаҳон савдо ташкилотига расмий даъво аризаси тақдим этганини ҳам билдирди. Хитой томонининг таъкидлашича, АҚШнинг ушбу чораси халқаро савдо қоидаларига зид бўлиб, кўп томонлама савдо тизими барқарорлигига жиддий хавф туғдирмоқда.
“Бу — бир томонлама босим ўтказиш орқали глобал иқтисодий тартибни издан чиқарувчи одатий зўравонлик сиёсатидир”, — дейилади Хитой Савдо вазирлиги баёнотида.
Хитой, шунингдек, АҚШнинг DuPont China Group Co. компаниясига қарши монополияга қарши тергов бошлади. Шу билан бирга, АҚШ ва Ҳиндистондан импорт қилинаётган рентген трубкаси ва КТ қурилмалари компонентларига қарши демпингга қарши суриштирув эълон қилинди.