11 990.260 so‘m

decrease

-68.190

13 738.440 so‘m

decrease

-80.540

162.230 so‘m

decrease

-1.810

11 990.260 so‘m

decrease

-68.190

3 соат аввал
Банк
90

UzQR орқали тўловда харидордан комиссия олинмайди — Марказий банк

UzQR тизимининг расмий тарифида харидорлардан комиссия ундириш назарда тутилмаган. Транзакция учун белгиланган 0,65 фоизлик тўлов фақат сотувчидан олинади ва тўлов жараёнида иштирок этган ташкилотлар ўртасида тақсимланади.

UzQR орқали тўловда харидордан комиссия олинмайди — Марказий банк

Марказий банк UzQR ягона QR-коди орқали амалга ошириладиган тўловларда комиссия шаклланиши бўйича тушунтириш берди.

Регуляторга кўра, тизим орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун белгиланган комиссия транзакция суммасининг 0,65 фоизини ташкил этади ва фақат савдо ёки хизмат кўрсатиш субъектидан ундирилади.

UzQR’нинг расмий тариф тузилмасида тўловчи, яъни харидордан комиссия олиш назарда тутилмаган. Ҳозирда айрим банк ва тўлов хизматлари томонидан харидорлардан ундирилаётган қўшимча йиғимлар эса тизим иштирокчиларининг ўз ташаббуси билан жорий этилган.

Марказий банк харидорлардан комиссия ундирилиши билан боғлиқ масалалар ҳозирда тартибга солинаётганини маълум қилди.

Комиссия қандай тақсимланади?

Сотувчидан олинадиган 0,65 фоизлик комиссия тўлов занжирида иштирок этувчи ташкилотлар ўртасида қуйидагича тақсимланади:

— 0,2 фоиз — UzQR операторига;

— 0,15 фоиз — QR-кодни ўқиган банк ёки тўлов хизматига;

— 0,1 фоиз — тўлов тизимига;

— 0,1 фоиз — сотувчига QR-код тақдим этган эквайер банкка;

— 0,05 фоиз — картани чиқарган банкка;

— 0,05 фоиз — тўловчининг банкига.

UzQR операторига ажратиладиган маблағ тизим ва шахсий кабинетлар фаолиятини таъминлаш, онлайн назорат-касса машиналари билан интеграция ҳамда ягона колл-марказ харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Марказий банкка кўра, UzQR’нинг умуммиллий тизим экани сабабли Uzcard ва Humo ҳам ўз комиссияларини камайтирган. Бошқа QR-тўлов хизматларида тўлов тизимларига 0,3–0,37 фоизгача ҳақ тўланади.

Тизим иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани бажариши ва тегишли улушларни олиши мумкин. Масалан, тўлов карта чиқарилган банк иловаси орқали амалга оширилса, ушбу банкнинг улуши 0,2 фоизгача ошади. Сотувчи ҳам айни банкнинг мижози бўлса, банк жами 0,3 фоиз олиши мумкин.

Бошқа QR-хизматларда комиссия юқорироқ

Марказий банк UzQR’даги 0,65 фоизлик тўлов бошқа QR-хизматларига нисбатан паст эканини қайд этди.

TezQR, Payme QR, Click QR, Uzum QR, Rahmat ва бошқа хизматларда савдо ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналаридан транзакция суммасининг 1 фоизидан 3 фоизигача комиссия ундирилиши мумкин.

Ягона QR-код 1 июлдан мажбурий бўлади

UzQR орқали тадбиркорлар мижозлардан исталган банк иловаси ёки тўлов хизмати ёрдамида тўлов қабул қилиши мумкин. Тизим Uzcard ва Humo карталари билан ишлайди.

Тадбиркорларни UzQR тизимига улаш ва ягона QR-код чиқариш бепул амалга оширилади. Бунинг учун банкда ҳисобварақ очиш ва ариза топшириш талаб этилади.

2026 йил 1 июлдан савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари учун ягона QR-код орқали тўлов қабул қилиш мажбурий бўлади. QR-коднинг мавжуд эмаслиги савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+