UZCARD ёки HUMO: биринчи ярим йилликда ким кўпроқ соф фойда олди?
UZCARD 2026 йилнинг биринчи ярмида 1,15 трлн сўм соф фойда олди. Бу HUMO’нинг 410,9 млрд сўмлик натижасидан қарийб 2,8 баравар кўп. Бироқ HUMO’нинг соф фойдаси 3,3 баравар ўсиб, UZCARD’га нисбатан юқорироқ ўсиш суръатини қайд этди.

Ўзбекистондаги иккита йирик тўлов тизими — “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ (UZCARD) ва “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO) 2026 йилнинг январь–июнь ойларига оид молиявий натижаларини эълон қилди.
Ҳисоботларга кўра, UZCARD 1 трлн 145,2 млрд сўм, HUMO эса 410,9 млрд сўм соф фойда олган. Икки компания ўртасидаги фарқ 734,3 млрд сўмни ташкил этган.
UZCARD — 1,15 трлн сўм соф фойда
UZCARD’нинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос давридаги 621,6 млрд сўмдан 1 трлн 145,2 млрд сўмга етган. Ўсиш 523,6 млрд сўм ёки 84,2 фоизни ташкил этган.
Компаниянинг тушуми 39,1 фоизга ошиб, 1 трлн 325,6 млрд сўмга етди. Даромаднинг 1,2 трлн сўмлик қисми транзакцияларни процессинг қилишдан олинган комиссиялар ҳисобига шаклланган.
UZCARD’нинг операцион фойдаси ҳам 41,3 фоизга кўпайиб, 899,2 млрд сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга, соф фойданинг тезроқ ўсишига кредит йўқотишлари учун илгари яратилган резервларнинг тикланиши таъсир қилган. Компания ушбу йўналишда 256,4 млрд сўм соф даромад қайд этган. Ўтган йилнинг биринчи ярмида эса 21,6 млрд сўмлик харажат мавжуд эди.
UZCARD 2026 йил 1 апрелдан IT Park резиденти мақомини йўқотиб, фойда солиғининг стандарт 15 фоизлик ставкасини тўлай бошлаган. Натижада ярим йилликдаги фойда солиғи харажатлари 3,1 млрд сўмдан 71,3 млрд сўмгача ошган.
HUMO — 410,9 млрд сўм соф фойда
HUMO’нинг соф фойдаси 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 124,3 млрд сўмдан 410,9 млрд сўмга етган. Бир йиллик ўсиш 286,6 млрд сўм ёки 230,6 фоизни ташкил этган.
Компаниянинг маҳсулот ва хизматларни сотишдан олган соф тушуми қарийб уч баравар ошиб, 224,9 млрд сўмдан 663,7 млрд сўмга кўтарилган.
Сотилган хизматлар таннархи 102,7 млрд сўмни ташкил этган. Натижада HUMO’нинг ялпи фойдаси 3,5 баравар ошиб, 561 млрд сўмга етган.
Давр харажатлари 32 млрд сўмдан 125 млрд сўмгача кўпайганига қарамай, асосий фаолиятдан олинган фойда 130,3 млрд сўмдан 436,3 млрд сўмга ошган.
HUMO ҳисобот даврида 37,8 млрд сўм фойда солиғи ҳисоблаган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 13,8 млрд сўм эди.
30 июнь ҳолатига компания активлари йил бошидан 21,1 фоизга кўпайиб, 865,1 млрд сўмга етган. Хусусий капитал 715,4 млрд сўмни, мажбуриятлар эса 149,7 млрд сўмни ташкил этган.
Шу тариқа, соф фойда ва тушум ҳажми бўйича UZCARD етакчиликни сақлаб қолган. Унинг фойдаси HUMO’никидан қарийб 2,8 баравар, тушуми эса икки баравар кўп. Бироқ HUMO ҳар икки кўрсаткич бўйича ҳам тезроқ ўсмоқда.









