UzAuto Motors 2024 йилда $315 млн соф фойда олди
Компания ўтган йилда 314,9 млн АҚШ доллари миқдорида соф фойда кўрган. Бу 2023 йилга нисбатан 5,6 фоизга пастроқдир.

UzAuto Motors АЖ 2024 йил якунига доир аудитланган молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, компания ўтган йилда 314,9 млн АҚШ доллари миқдорида соф фойда кўрган. Бу 2023 йилга нисбатан 5,6 фоизга пастроқдир.
Ўтган йили UzAuto Motors’нинг умумий даромади $4,24 млрдни ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 8 фоизга камайган бўлиб, асосан ички бозор ва экспорт ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ. Компания ички сотувлари $3,7 млрдни (-8,2%) ташкил этган бўлса, экспорт ҳажми $494,4 млнни (-7%) ташкил этди.
Харажатлар таркибида бошқарув харажатлари $61 млнни, савдо харажатлари эса $128 млнни ташкил этди. Компания йил давомида $62,6 млн доллар миқдорида даромад солиғи тўлаган. Валюта курсларидаги ўзгаришлар туфайли юзага келган зарар $25,6 млнни ташкил этди — бу 2023 йилдаги $82,3 млнлик кўрсаткичга қараганда анча паст.
Компаниянинг умумий активлари йил якунида $2,46 млрдни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 16,9 фоизга камайган. Бироқ соф капитал $908,8 млнни ташкил этди — 2023 йилда бу кўрсаткич $786,7 млн эди. Жами мажбуриятлар эса 1,55 млрдни ташкил қилиб, аввалги йилга нисбатан камайган.
Сегментлар бўйича даромад қуйидагича тақсимланган:
- Асака (CKD ишлаб чиқариш) — $3,12 млрд даромад, $90 млн фойда;
- Питнак заводи — $904 млн даромад, $212 млн фойда;
CKD — Асака ва Питнак ҳудудларида автомобиллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни Ўзбекистон ва Қозоғистонда сотиш. Моделлар қаторига Chevrolet Gentra , Nexia , Spark , Damas, Cobalt, Onix ва Tracker киради.
- Импорт автомобиллар (SUP сегменти) — $202 млн даромад, $14 млн фойда.
SUP асосида сотиш – импорт қилинган автомобилларни маҳаллий бозорда сотиш. Моделлар қаторига Chevrolet Tahoe, Traverse, Equinox, Trailblazer ва Malibu киради. Моделлар Таиланд, Хитой, Корея Республикаси ва АҚШдан импорт қилинади.
2024 йил якунига келиб, компанияда 15 234 нафар ходим ишлаган. Бу кўрсаткич 2023 йилдаги 16 511 нафар ходимга нисбатан бироз камроқ.