11 973.900 so‘m

increase

64.240

13 700.540 so‘m

increase

111.620

154.820 so‘m

increase

2.540

11 973.900 so‘m

increase

64.240

2 соат аввал
Иқтисодиёт
72

Тошкентдаги “Самарқанд” меҳмонхонасини яқинда очилган хорижий корхона сотиб олди

Тошкентнинг тарихий-туристик ҳудудларидан биридаги “Самарқанд” меҳмонхонаси 136,2 млрд сўмга сотилди. Объектни аукционда савдодан бир ярим ой олдин рўйхатдан ўтган, ягона таъсисчиси хорижий фуқаро бўлган компания сотиб олган.

Тошкентдаги “Самарқанд” меҳмонхонасини яқинда очилган хорижий корхона сотиб олди
Фото: E-auksion

Тошкентнинг Олмазор туманида, Ҳазрати Имом мажмуаси ва Ислом цивилизацияси маркази яқинида жойлашган “Самарқанд” меҳмонхонаси ва ресторани аукцион орқали сотилди. Объект учун 136,2 млрд сўм таклиф қилинган.

Э-ауксионъдаги савдолар 1 июль куни якунланган. Лот бўйича ягона иштирокчи “Samarqand Central Heritage” МЧЖ ХК бўлган. Компания объект учун бошланғич нарх — 136,2 млрд сўмни таклиф қилган ва тўловни ҳам амалга оширган.

Сотилган объект Қорасарой кўчаси бўйида, “Ҳастимом” маҳалласида жойлашган. Гап икки қаватли меҳмонхона ва ресторан мажмуаси ҳақида кетмоқда. Бинодаги хоналар умумий майдони 3962 квадрат метрни ташкил қилади. Объект “Ҳастимом Touristic Complex” компаниясининг 2025 йил декабрида қабул қилинган қарори асосида савдога чиқарилган.

Харидор компания “Samarqand Central Heritage” МЧЖ ХК эса савдолардан кўп вақт олдин эмас, 2026 йил 14 май куни Самарқанд вилояти Паяриқ туманида рўйхатдан ўтган. Компаниянинг асосий фаолият тури меҳмонхоналар ва ўхшаш яшаш жойлари сифатида кўрсатилган. Устав фонди 60 млрд сўмни ташкил этади.

iHamkor маълумотларига кўра, компания раҳбари Саиджалол Асқаров ҳисобланади. Корхонанинг ягона таъсисчиси эса хорижий фуқаро Эрслан Ибраҳим бўлиб, у компаниядаги 100 фоиз улушга эгалик қилади. Корхона мулкчилик шакли бўйича хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мулки сифатида қайд этилган.

Erslan Ibrahim номи бошқа компанияларда ҳам учрайди. iHamkor.uz’га кўра, у улгуржи савдо йўналишидаги Egi Foods and Beverages, дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Advances Telkomnika Solutions, авиаташув соҳасидаги Arslan Air ҳамда умумий овқатланиш йўналишидаги Graha Nusantara компанияларида ҳам 100 фоизлик улушга эга.

Шунингдек, ушбу беш компаниянинг тўрттасида, жумладан “Samarqand Central Heritage”да ҳам раҳбар лавозимида Саиджалол Асқаров кўрсатилган. Advances Telkomnika Solutions раҳбари сифатида эса Будимулянто қайд этилган.

Шу тариқа, Тошкентнинг тарихий ва туристик ҳудудларидан биридаги меҳмонхона мажмуаси яқинда ташкил этилган, хорижий таъсисчига эга компания томонидан сотиб олинди. Савдода бошқа иштирокчилар бўлмагани сабабли объект бошланғич нархда реализация қилинган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+