Тошкентда уй-жой нархлари ва ижараси пасайишда давом этмоқда
2025 йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистонда 136,5 мингта уй-жой сотилди — бу ўтган йилга нисбатан 10,6 фоиз кўп.
Июнь ойида Тошкентда иккиламчи уй нархлари ўтган йилга нисбатан 4,8 фоизга, ижаралар эса 2,6 фоизга пасайди.
Энг катта нарх тушишлари Учтепа (-9,7%), Мирзо-Улуғбек (-7,6%) ва Яшнобод (-7,3%) туманларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк нархлари ва ижараси пасайишда давом этмоқда. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан эълон қилинган таҳлилда маълум қилинди.
2025 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, республика бўйича уй-жой олди-сотди битимлари сони 10,6 фоизга ошиб, 136,5 минг хонадонга етди.
Фақат июнь ойида 21 мингта олди-сотди битими рўйхатдан ўтказилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 фоизга кўпдир.
Ҳудудлар кесимида, кўчмас мулк бозорида энг юқори фаоллик Жиззах (29,9%), Навоий (18,3%) ва Сурхондарё (17,7%) вилоятларида кузатилди. Аксинча, Тошкент вилоятида битимлар ҳажми 2,6 фоизга камайгани қайд этилди.
Иккиламчи кўчмас мулк бозори
Иккиламчи бозорда июнь ойида уй-жойларнинг ўртача нархи ўтган ойга нисбатан 0,3 фоизга ошди.
Йиллик ҳисобда эса бу кўрсаткич 1,8 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар бўйича қаралганда, Жиззах вилоятида июнь ойида нархлар бироз (–1,3%) пасайган бўлса-да, йиллик ўсиш суръати бўйича (11,7%) етакчиликни сақлаб қолмоқда. Бундан ташқари, Сурхондарё (10,9%), Қорақалпоғистон (9,3%), Хоразм (7,3%) ва Наманган (7,1%) вилоятларида ҳам ижобий йиллик динамика кузатилди.
Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозори
Тошкент шаҳрида эса иккиламчи уй-жой нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга арзонлашди. Янги қурилган уйлар нархи эса 1,6 фоизга пасайди.
Иккиламчи бозорда энг катта нарх пасайиши Мирзо-Улуғбек (–7,6%), Яшнобод (–7,3%) ва Чилонзор (–6,9%) туманларида қайд этилди. Бирламчи бозорда эса энг катта тушиш Учтепа (–9,7%), Юнусобод (–8,8%) ва Шайхонтоҳур (–7,7%) туманларида кузатилди.
Тошкент шаҳрида ижара бозори

Тошкент шаҳрида июнь ойида ижара нархлари ўзгаришсиз қолди. Ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этди. Бунда энг юқори ижара нархлари қуйидаги марказий туманларда сақланмоқда:
- Миробод,
- Шайхонтоҳур,
- Яккасарой.
Мазкур туманларда ижара нархи ўртача 10,3 долларга тенг бўлиб, талаб юқорилигича қолмоқда.
Шунга қарамай, йил бошидан буён ўртача ижара нархи 2,6 фоизга камайди. Энг катта пасайиш қуйидаги туманларда кузатилди:
- Учтепа
- Яшнобод
- Чилонзор