Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари бир йилда 1,7 фоизга пасайди
Сентябрь ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозори нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган бўлса-да, йиллик ҳисобда 1,7 фоизлик пасайиш кузатилган. Республика миқёсида эса иккиламчи бозордаги ўртача нархлар ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 4,6 фоизга юқори бўлди. Айни пайтда мамлакатда кўчмас мулк бозори фаоллашиб, учинчи чоракда 75,5 мингта олди-сотди битими расмийлаштирилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йил сентябрь ҳолатида Тошкент шаҳрида иккиламчи бозордаги уй нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга пасайди. Шунга қарамай, шаҳарда уй-жой олди-сотди фаолияти сезиларли даражада фаоллашган.
Республика бўйича сентябрь ойида 24,2 мингта уй-жой олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 13,7 фоизга кўп. Энг юқори ўсиш Сирдарё (+35,6%), Бухоро (+20,2%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (+31,2%) қайд этилди.
Йилнинг учинчи чорагида мамлакат миқёсида жами 75,5 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими амалга оширилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,6 фоизга, жорий йилнинг иккинчи чорагига нисбатан эса 11 фоизга кўпдир.
Ҳудудлар кесимида энг катта ўсиш Бухоро вилоятида (+27,3%), Сирдарё вилоятида (+24,9%) ва Тошкент шаҳрида (+19,9%) кузатилди.
Иккиламчи ва бирламчи бозор
Сентабр ойида республика бўйича иккиламчи уй бозори нархлари ўртача 0,6 фоизга ошган, йиллик ҳисобда эса ўтган йилнинг сентябрига нисбатан 4,6 фоизга юқори бўлган. Энг катта нарх ўсиши Сурхондарё (+19%), Сирдарё (+15,8%) ва Жиззах (+14,5%) вилоятларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида эса иккиламчи бозорда сентабр ойида нархлар 0,6 фоизга ошган бўлса-да, ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга камайган. Энг катта пасайиш Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида кузатилиб, ўртача 4,3 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, бирламчи уй-жой бозорида нархлар ўртача 3 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Миробад, Бектемир ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, ўртача 5,8 фоизни ташкил этди.
Ижара бозори
Ижара бозорида эса 2025 йил сентябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача нархи 1 кв.м учун 8,5 долларни ташкил этган.
Энг юқори ижара нархлари Мирабад, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пойтахтда ижара нархлари 1,4 фоизга ошган, энг катта ўсиш эса Юнусобод, Олмазор ва Мирабад туманларида қайд этилиб, ўртача 4,4 фоизни ташкил этган.