Тошкент аэропортида смартфонларни расмийлаштиришга қўйилган чеклов бекор қилинди
Бугундан хориждан олиб келинаётган телефонлар яна одатдаги тартибда божхонадан ўтказилмоқда. Вақтинча олиб қолинган бир неча юзта қурилмани эгаларига қайтариш бошланди.

Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев Контент марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг айтишича, Тошкент халқаро аэропортида UzIMEI мутахассислари доимий ишлай бошлади.
Улар зарурат бўлганда божхона ходимларига IMEI коди ҳақиқийлигини, қайси қурилмага тегишли эканини ва мобил тармоқда аввал қайд этилган-этилмаганини аниқлашда ёрдам беради
Қўмита бир кун аввал IMEI кодларини текшириш тартибига аниқлик киритилгунига қадар расмийлаштиришни вақтинча тўхтатганини билдирган эди. Идора буни қиммат смартфонларни арзон қурилма сифатида декларация қилиш ва IMEI кодларини алмаштириш ҳолатлари билан изоҳлади. Божхона қўмитасининг 10 ноябрдаги баёноти
Божхона қўмитаси мажбурий 30 кунлик сақлов ва тезлаштирилган расмийлаштириш учун қўшимча тўлов жорий этилганини рад этган.









