Telegram’нинг t.me ҳаволалари бутун дунё бўйлаб ишламай қолди
Павел Дуров муаммо юзасидан .me домен зонаси операторига мурожаат қилди. Мессенжер эса вақтинчалик ечим сифатида ҳаволаларни telegram.me манзили орқали шакллантиришни бошлади.

Telegram каналлари, постлари ва профилларига олиб борувчи қисқа t.me ҳаволалари браузерларда очилмаяпти.
14 июлга ўтар кечаси Telegram’га тегишли t.me домени глобал DNS тизимидан чиқарилди. Натижада ушбу домен орқали яратилган канал, гуруҳ, профиль, пост ва таклиф ҳаволалари браузерларда ишламай қолди.
Telegram асосчиси Павел Дуров t.me ҳаволаларининг глобал миқёсда ишламай қолиши юзасидан .me домен зонаси операторига мурожаат қилди.
“Салом, @domainME. t.me ҳаволалари ишламай қолди. Буни текшириб кўра оласизми?” — деб ёзди у.

Дуров муаммонинг сабаби ҳақида қўшимча маълумот бермаган. .me домени оператори ҳам ҳозирча t.me нима сабабдан фаолсизлантирилганини расман тушунтирмади.
Telegram вақтинчалик ечим сифатида telegram.me доменидан фойдаланишга ўтди. Энди иловада канал, пост ёки профиль ҳаволаси нусхаланганда, t.me ўрнига telegram.me манзили шакллантирилмоқда.
Муаммо доменнинг рўйхатдан ўтиш муддати тугаши билан боғлиқ эмас. t.me Telegram номига 2035 йил майигача рўйхатдан ўтказилган, унинг ном серверлари ҳам ўзгармаган.









