Telegram’да навбатдаги янгиланиш: оммавий постларни қидириш, профиль рейтинги ва бошқа янги функциялар
Янгиланиш доирасида оммавий постлар учун глобал қидирув, ҳикояларни альбомларга ажратиш, совғаларни тўпламларда сақлаш, шунингдек, ботларни бошқариш учун янги замонавий мини-илова ва бошқа функциялар жорий этилди.

Telegram ўзининг навбатдаги янгиланиши тақдим қилди. Янгиланишда оммавий постлар учун глобал қидирув, ҳикояларни альбомга ажратиш, совғаларни тўпламлар шаклида сақлаш ва ботларни бошқариш учун замонавий мини-илова каби янги функциялар жорий этилди.
Оммавий постларни қидириш
Қидирув панелида энди “Постлар” саҳифаси мавжуд бўлиб, бу ерда оммавий каналлардан тегишли натижаларни кўриш мумкин.

Бу эса муайян ахборотларни топишни ва турли манбаларни бир тезкор интерфейсда кўриб чиқишни янада осонлаштиради.
Постларни қидириш функциясидан ҳозирча фақат Telegram Premium фойдаланувчилари фойдалана олади.
Ҳикоя альбомлари
Эндиликда фойдаланувчилар ўзларининг севимли таътил ҳикоялари, уй ҳайвонлари суратлари ёки бошқа воқеаларни профилда алоҳида альбомларга ажратиб сақлашлари мумкин.

Шунингдек, бизнес субъектлари ва контент яратувчилари ўз каналларидаги ҳикояларни маҳсулотлар кўргазмаси ёки плейлист тарзида жамлаш имкониятига эга.
Ҳикояларни альбомга қўшиш учун профилдаги ёки каналдаги “Постлар” бўлимига ўтиш ва “Альбом қўшиш” тугмасини босиш керак.
Совға тўпламлари
Энди профилдаги ёки каналлардаги совғаларни турли мавзу, ноёблик ёки бошқа хусусиятларга кўра махсус тўпламларга ажратиб сақлаш мумкин.
Битта совға бир нечта тўпламда бўлиши мумкин, бу эса чексиз комбинацияларни яратиш имконини беради. Тўпламлар шунингдек, аниқ филтрлаш функциясини қўллаб-қувватлайди.

Совғаларни тўпламга қўшиш учун профилдаги ёки каналдаги “Совғалар” бўлимини очинг, совғани танланг ва “Тўпламга қўшиш” тугмасини босинг.
Профиль рейтинги
Telegram профиллари энди фойдаланувчининг Telegram Юлдузлари билан муваффақиятли транзаксиялари асосида шаклланувчи рақамли рейтинг белгиси билан кўрсатилади.
Бу рейтинг фойдаланувчининг ишончлилигини билдиради ва канал эгалари учун таклиф қилинган постлар ёки бошқа сўровлар юзасидан кимга ишонч билдириш кераклигини аниқлашда ёрдам беради.

Telegram Юлдузлари орқали совғалар харид қилиш, пуллик хабарлар юбориш ва постларга маблағ ажратиш рейтингни оширади. Аксинча, Юлдузлар харидини бекор қилиш ёки уларни қайта совғага айлантириш рейтингни пасайтиради.
Premium совғалар
Telegram ҳадъялари жуда машҳур бўлиб, янги чиқарилганлари бир неча дақиқада сотиб тугатилади.

Тез орада фақат Telegram Premium фойдаланувчилари учун мавжуд бўлган янги турдаги ҳадъяни кўриш мумкин ва ҳар бир киши уни фақат чекланган миқдорда харид қила олади.
Telegram ҳадъяларининг аксариятини ҳали ҳам барча фойдаланувчилар харид қилиши мумкин — фақат муайян коллекциядаги чекланган нашрдаги ҳадъяларни харид қилиш учун Премиум талаб қилинади.
BotFather Mini иловаси
Эндиликда бот ва мини-илова ишлаб чиқувчилари @BotFather мини-иловаси орқали ўз лойиҳаларини бошқаришлари мумкин. Ушбу мини-илова ёрдамида ботларни яратиш, созламаларни ўзгартириш, белгилар ва тавсифларни янгилаш мумкин.

Дастурчилар бутун экран режими, обуналар, асосий экран ёрлиқлари, геолокация, фойдаланувчи ҳаракатларини кузатиш ва бошқа кўплаб функцияларни ўз ичига олган кучли мини-иловаларни яратиш имкониятига эга бўладилар.