Telegram’да мақола ёзиш учун матн муҳаррири ва “Ҳамжамиятлар” функцияси пайдо бўлди
Telegram янги янгиланишда кенгайтирилган матн муҳаррири ва бир нечта канал ҳамда гуруҳни ягона тузилмага бирлаштирувчи “Ҳамжамиятлар” функциясини тақдим этди. Шунингдек, ботларнинг фақат муайян фойдаланувчига кўринадиган хабарлари ҳамда 350 миллиондан ортиқ GIF орасидан махфий қидирув имконияти қўшилди.

Telegram 14-июль куни мессенжернинг навбатдаги йирик янгиланишини тақдим этди.
Кенгайтирилган матн муҳаррири
Янгиланишдаги асосий ўзгаришлардан бири блог, мақола ва узун постлар ёзишга мўлжалланган кенгайтирилган матн муҳаррири бўлди.
Муҳаррир орқали хабарларга сарлавҳалар, жадваллар, рақамланган ва белгили рўйхатлар, иқтибослар, код блоклари, шунингдек, матн орасига сурат ва видеолар қўшиш мумкин.

Муҳаррир мобил қурилмалар ва компьютерлар учун мослаштирилган визуал интерфейсга эга. Битта хабарда 32 768 тагача белги юбориш мумкин.

Шунингдек, Cocoon платформаси асосида ишлайдиган сунъий интеллект воситалари ёрдамида матн, формула ва жадваллар яратиш имконияти ҳам қўшилган. Telegram ушбу воситалардан фойдаланишда фойдаланувчи махфийлиги сақланишини таъкидламоқда.
Кенгайтирилган матн муҳаррири ҳозирча фақат Telegram Premium фойдаланувчилари учун мавжуд.
Бир нечта канал ва гуруҳни бирлаштирувчи “Ҳамжамиятлар”
Telegram’да умумий мавзудаги бир нечта гуруҳ, канал ва ботни битта “Ҳамжамият” таркибида бирлаштириш мумкин бўлди.
Ҳамжамият аъзолари унинг таркибидаги бошқа чатларни кўриши ва уларга алоҳида таклиф ҳаволасисиз қўшилиши мумкин. Чатлар барча аъзоларга очиқ ёки фақат администраторлар ҳамда ўша чат аъзоларига кўринадиган ёпиқ шаклда ташкил этилиши мумкин.

Ҳамжамият таркибидаги чатларни асосий рўйхатда алоҳида-алоҳида кўрсатиш ёки очилганда кенгаядиган битта умумий банд ичига жойлаштириш мумкин. Бу чатлар рўйхатида жойни тежаш имконини беради.
Одатий созламаларда ҳамжамиятнинг исталган аъзоси унга янги чат қўша олади. Администраторлар ушбу имкониятни чеклаши мумкин. Бундай ҳолатда аъзолар қўшмоқчи бўлган чатлар тўғридан-тўғри бириктирилмайди, балки администраторларга таклиф сифатида юборилади.
Гуруҳларда фақат битта фойдаланувчига кўринадиган бот хабарлари
Telegram гуруҳларидаги ботлар энди фақат муайян фойдаланувчига кўринадиган вақтинчалик хабарларни юбора олади. Бу имконият аввалроқ тақдим этилган “меҳмон бот” режимининг давоми ҳисобланади.
Ботлар саломлашув хабарлари, шахсий AI хулосалари, хатолар ҳақидаги огоҳлантиришлар, тасдиқлаш хабарлари ва тугмалардан иборат менюларни бошқаларга кўрсатмасдан юбориши мумкин.

Бундай хабарлар бот томонидан исталган вақтда ёки фойдаланувчининг махсус буйруғига жавобан юборилиши мумкин. Тегишли буйруқлар бот менюсида махсус белги билан ажратиб кўрсатилади.
Ботнинг жавоби фақат уни юборган бот ва буйруқдан фойдаланган шахсга кўринади. Шу тариқа индивидуал AI хулосалари ёки бот билдиришномалари гуруҳдаги умумий ёзишмаларни тўлдириб ташламайди.
350 миллиондан ортиқ GIF орасидан қидирув
Янгиланиш доирасида GIF панелидаги қидирув тизими ҳам янгиланди. Энди Telegram орқали 36 тилдаги 350 миллиондан ортиқ GIF орасидан қидириш мумкин.
Қидирув Telegram учун оптималлаштирилган, юқори сифатли GIF файлларни тезроқ топиш имконини беради. Тизим кенг тарқалган ва очиқ манбаларда мавжуд GIF файлларни Cocoon’даги очиқ кодли сунъий интеллект моделлари ёрдамида офлайн индекслаш асосида ишлайди.
Telegram’га кўра, GIF қидирувлари учинчи томон хизматларига узатилмайди, тўлиқ махфий амалга оширилади ва аввалгига нисбатан тезроқ ишлайди.









