Telegram фойдаланувчиси @crypto номи учун 25 миллион долларлик сотув таклифини олди
Таъкидланишича, ушбу ном 2023 йилда 350 минг долларга сотиб олинган эди. 2,5 йил ичида username нархи 71 баробарга ўсган.

Telegram ва TON (The Open Network) экотизимининг дастлабки фойдаланувчиларидан бири @crypto фойдаланувчи номи учун 25 миллион долларлик таклиф олди. Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжердаги постида маълум қилди.
Таъкидланишича, ушбу ном 2023 йилда бор-йўғи 350 минг долларга сотиб олинган эди. 2,5 йил ичида username нархи 71 баробарга ўсган.
Ном эгаси эса яқинда ўз позициясини аниқ ифодалади:
“Агар бу номлар мендан тортиб олинмаса, мен уларнинг барчасини хоҳлайман” ,— деган у Дуровнинг сўзларига кўра.
@crypto шу тариқа жорий йилдаги энг қиммат Telegram фойдаланувчи номига айланди. Таққослаш учун, 2024 йилда энг юқори баҳога сотилган ном @news бўлиб, 5,8 миллион долларга сотилган эди. Ундан кейинги ўринда эса 5,2 миллион долларга сотилган @auto номи туради.
Telegram фойдаланувчи номларининг бу даражада қимматлашиши бежиз эмас. Ҳар бир ном TON блокчейнида токенлаштирилган — яъни у ноёб, такрорланмас ва тўлиқ фойдаланувчига тегишли. Бу тизим фойдаланувчиларга рақамли активларига тўлиқ эгалик қилиш ҳуқуқини беради.
Павел Дуров бу ҳолатни реал эгалик кучини кўрсатувчи мисол сифатида баҳолади:
“Одамларга ўз рақамли активларига бевосита эгалик қилиш имконияти берилганда, ҳақиқий мўъжизалар содир бўлади. Telegram фойдаланувчилари — бу рақамли суверенлар. Улар ўз шахсияти ва активларига доимий ва бузилмас ҳуқуққа эга ягона йирик платформада фаолият юритишмоқда”, — дея таъкидлади у.
Аввалроқ Pinkod Snoop Dogg ва Telegram ҳамкорлигидаги янги NFT коллекцияси атиги ярим соат ичида тўлиқ сотилиб кетди.