Сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича этика қоидалари тасдиқланди
Адлия вазирлиги сунъий интеллектни яратиш, жорий этиш ва ундан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди.
Ҳужжатда AI тизимларидан фойдаланишда қонунийлик, шаффофлик, маълумотлар ҳимояси ва камситишга йўл қўймаслик каби тамойиллар белгиланган.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳим қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект хулосаларига таянишга йўл қўйилмаслиги қайд этилган.

Адлия вазирлиги сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий этиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3787, 2026 йил 14 март).
Мазкур ҳужжат сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда амал қилиниши лозим бўлган асосий этика тамойилларини белгилайди. Унга кўра, қуйидаги принциплар устувор ҳисобланади:
- қонунийлик;
- шахс, жамият ва давлат манфаатлари ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш устуворлиги;
- тушунарлилик;
- масъулият, жавобгарлик ва назорат;
- адолатлилик ҳамда камситишга йўл қўймаслик;
- очиқлик ва шаффофлик;
- маълумотлар ҳимояси;
- ишончлилик ва хавфсизлик.
Қоидаларга мувофиқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига тааллуқли юридик аҳамиятга эга қарорлар қабул қилишда фақат сунъий интеллект тизимлари хулосаларига таянишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан касалликларни ташхислаш ёки даволаш усулларини белгилашда ҳам бундай қарорлар фақат сунъий интеллектга асосланиб қабул қилинмаслиги керак.
Сунъий интеллект технологиялари ва тизимларини ишлаб чиқувчилар ҳамда уларни жорий этувчи фойдаланувчилар ушбу технологиялардан фойдаланиш шартлари ҳақида фойдаланувчиларни хабардор қилиши лозим. Жумладан:
- сунъий интеллектдан қандай мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши;
- сунъий интеллектга асосланган қарорлар ҳар доим ҳам мутлақ тўғри бўлмаслиги;
- унинг натижаларидан асосан тавсиявий ёки маълумот характерида фойдаланиш мумкинлиги ҳақида тушунтириш берилиши керак.
Шунингдек, ҳужжатда сунъий интеллект билан боғлиқ жараёнларда иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилган.









