S&P Ўзбекистоннинг кредит рейтингини тарихий энг юқори даражага кўтарди
S&P Global Ratings Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB+” даражасига кўтарди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева буни иқтисодий ислоҳотлар ва мувозанатли молия сиёсати натижаси деб баҳолади. Мамлакатнинг инвестициявий рейтингга эга бўлишига бир поғона қолди.

S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли суверен кредит рейтингини “BB”дан “BB+” даражасига оширди. Рейтинг бўйича прогноз “барқарор” даражада сақлаб қолинди.
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ушбу натижага муносабат билдириб, мамлакат тарихида ҳозиргача эришилган энг юқори кредит рейтинги қайд этилганини таъкидлади.
“Бу ютуқ тизимли иқтисодий ислоҳотлар, мувозанатли молия сиёсати ҳамда Президентимизнинг узоқни кўзлаган стратегик ёндашуви самарасидир”, — деб ёзди Саида Мирзиёева.
Унинг билдиришича, Ўзбекистоннинг иқтисодий натижаларини тақдим этиш бўйича ишчи гуруҳнинг тезкор ва очиқ таҳлилий мулоқотлари ҳам S&P томонидан алоҳида эътироф этилган.
“Юртимизга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш йўлидаги қатъий ҳаракатимизни давом эттирамиз”, — дея қўшимча қилди Президент администрацияси раҳбари.
S&P рейтингни оширишда Ўзбекистоннинг ташқи молиявий позицияси мустаҳкамлангани, иқтисодий сиёсат такомиллашгани ҳамда энергетика ва давлат корхоналаридаги ислоҳотларни инобатга олган. Шунингдек, олтин нархининг юқорилиги ҳисобига мамлакатнинг халқаро захиралари кўпайгани ҳам ижобий баҳоланган.
Таққослаш учун, 2025 йил ноябрида агентлик Ўзбекистоннинг кредит рейтингини “BB−”дан “BB”га оширган эди. Шундай қилиб, мамлакат бир йил ичида S&P баҳолашида икки поғона юқорилади.
Ҳозирги “BB+” даражаси ҳали инвестициявий рейтинг ҳисобланмайди. Бироқ Ўзбекистон ушбу мақомни олишига атиги бир поғона қолди. Бунинг учун мамлакатнинг суверен кредит рейтинги “BBB−” даражасига кўтарилиши керак.









