Samsung Galaxy S25 Slim: ултра-ингичка смартфонлар пойгасида янги рақобатчи
Samsung’дан iPhone 17 Air чиқарилишига жавоб сифатида кўрилаётган смартфоннинг техник хусусиятлари маълум бўлди. Янги модель Ultra линиясидагидек 200 МП камера билан жиҳозланиши кутилмоқда.
Смартфон бозорида эътибор кичик қурилмалардан ултра-ингичка дизайнларга қарата ўзгармоқда. Samsung ўзининг флагман модели Galaxy S25’нинг янада нозик версиясини ишлаб чиқмоқда, у Galaxy S25 Slim деб номланиши мумкин. Бу янги қурилма Apple’нинг яқинлашиб келаётган iPhone 17 Air моделига тўғридан-тўғри рақобатчи сифатида кўрилмоқда.
Сўнгги миш-мишлар ортидан Galaxy S25 Slim’нинг техник хусусиятлари, дизайн ва чиқарилиш санаси бўйича янги маълумотлар ошкор бўлди.
Galaxy S25 Slim смартфон дизайнида янги меъёрларни ўрнатиб бериши мумкин. Инсайдерларнинг хабар беришича, қурилманинг қалинлиги атиги 6 мм бўлади — бу Galaxy S24’нинг 7,6 мм қалинлигидан анча ингичка. Таққослаш учун, iPhone 17 Air қалинлиги 6,25 мм бўлиши кутилмоқда, бу эса иккала қурилмани ҳам ултра-ингичка категория қаторига қўшади.
Samsung қурилманинг нозик дизайнига қарамай, унга 4,700 мА/соатдан 5,000 мА/соатгача сиғимга эга батареяларни ўрнатмоқчи. Ҳозирги Galaxy S24 да бу миқдор 4,000 мА/соатни ташкил қилади.
Galaxy S25 Slim 6,66 дюймли дисплей билан жиҳозланади, бу эса Galaxy S24+’нинг 6,7 дюймли экрани билан деярли бир хил.
Фотография ишқибозлари учун қурилма қуйидаги кучли камера тизимига эга бўлиши кутилмоқда:
- 200 МП асосий камера
- 50 МП ултра кенг камера
- 50 МП телефото 3,5 х оптик зум билан.
Galaxy S25 Slim Snapdragon 8 Elite SoC чипи билан жиҳозланиши кутилмоқда, бу Qualcomm’нинг энг янги ва энг кучли процессори ҳисобланади. У қурилмани ўйинлар, кўп вазифали ишлар ва ресурсларни талаб қилувчи дастурлар учун мукаммал даражада ишлашини таъминлайди.
Стандарт Galaxy S25 2025 йилнинг январида тақдим этилиши кутилмоқда. Galaxy S25 Slim эса бир оз кечроқ, 2025 йилнинг 2-чорагида чиқарилиши мумкин. Инсайдер Дебаян Ройънинг маълумотларига кўра, ушбу модель СМ-С937х/ДС модель рақамига эга бўлади.
Samsung одатда ўрта синфдаги Galaxy А ва Galaxy FE сериялари учун шундай босқичма-босқич чиқариш стратегиясидан фойдаланади. Бироқ, ултра-ингичка смартфонлар атрофидаги қизиқиш сабабли, компания бу борада ўз режасига ўзгартиришлар киритиши эҳтимолдан холи эмас.
Маълумот ўрнида, Apple’нинг Iphone 17 Air модели 2025 йилнинг 2-яримида чиқарилиши кутилмоқда.