12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

13 699.000 so‘m

increase

49.240

154.740 so‘m

decrease

-5.210

12 009.290 so‘m

decrease

-4.230

10 соат аввал
Иқтисодиёт
123

Рўйхатга олиш натижаси: Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ошди

2026 йилги аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси 39 млн 47 минг 321 нафарни ташкил этди. Бу жорий статистик ҳисоб-китоблардаги кўрсаткичдан 810,6 минг нафарга кўп.

Рўйхатга олиш натижаси: Ўзбекистон аҳолиси 39 миллиондан ошди

Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, рўйхатга олиш маълумотлари 2026 йил 15 январь ҳолатига шакллантирилган. Унга кўра, мамлакат аҳолиси сони 39 047 321 нафарга етган.

Жорий статистик ҳисоб-китобларда эса 2026 йил бошида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 38 236 704 нафар деб баҳоланган эди. Икки кўрсаткич ўртасидаги фарқ 810 617 нафар ёки қарийб 2,1 фоизни ташкил этди.

Шу тариқа, рўйхатга олиш натижасида мамлакат аҳолиси амалдаги жорий ҳисобдан сезиларли даражада кўп экани маълум бўлди. Бу доимий яшаш жойини ўзгартирганлар, ички ва ташқи миграция ҳамда аввалги ҳисоб-китобларда тўлиқ акс этмаган аҳоли қатламлари бўйича маълумотларни аниқлаш имконини беради.

Ўзбекистонда бунга қадар сўнгги аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган эди. Янги натижаларга кўра, ўтган даврда мамлакат аҳолиси қарийб икки баробарга кўпайган. 2026 йилги тадбир мустақиллик йилларида ўтказилган биринчи умуммиллий аҳоли рўйхати бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, рўйхатга олиш жараёнида аҳолининг 97,3 фоизи қамраб олинган. Қолган 2,7 фоиз аҳоли турли сабабларга кўра тадбирда бевосита иштирок этмаган.

Шунингдек, Ўзбекистонда бир йилдан ортиқ муддат яшаётган 56 860 нафар хорижий фуқаро рўйхатга олинган. Уларнинг 19,3 минг нафари Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. Хорижий фуқаролар орасида Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир нафар аҳолини рўйхатга олиш учун ўртача 0,12 доллар сарфланган. Рўйхатга олишнинг тўлиқ қайта ишланган ва якуний расмий натижаларини 2027 йил 1 июлга қадар эълон қилиш режалаштирилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+