Рекорд фойдадан кейин ўсиш: “Ипотека-банк”нинг бозор капитализацияси 1,6 млрд доллардан ошди
Банкнинг оддий акциялари сўнгги икки савдо кунида 23,1 фоизга қимматлашиб, 4,63 сўмга етди. Натижада бозор капитализацияси қарийб 1,64 млрд долларни ташкил этди.
Ўсиш банкнинг тўққиз ойлик соф фойдаси 2 трлн сўмдан ошгани ҳақидаги молиявий натижалар эълон қилинганидан кейин ҳам давом этмоқда.
Айни пайтда “Ипотека-банк” Ўзбекистон фонд бозорида ликвид оддий акциялар орасида бозор капитализацияси бўйича энг йирик эмитент бўлиб қолмоқда.

“Ипотека-банк”нинг бозор капитализацияси 15 октябрдаги савдолар давомида 19,59 трлн сўмга етди. Бу ҳақда “Тошкент” республика фонд биржаси маълумотларида келтирилган.
Марказий банкнинг шу кун учун белгиланган курси асосида ҳисоблаганда, ушбу қиймат қарийб 1,64 млрд долларга тенг.
IPTB тикери остида савдо қилинадиган банк оддий акциялар нархи 4,63 сўмни ташкил этган. Кун бошида бу кўрсаткич 4,25 сўм бўлган, яъни акциялар 0,38 сўмга ёки 8,94 фоизга қимматлашган.
KAP DEPO ҳисоб-китобига кўра, “Ипотека-банк” Ўзбекистон фонд бозорида ликвид оддий акциялар орасида бозор капитализацияси бўйича энг йирик эмитент бўлиб қолмоқда.
Акцияларнинг сўнгги қимматлашуви банкнинг тўққиз ойлик молиявий натижалари эълон қилиниши фонида кузатилмоқда. Январь–сентабрда “Ипотека-банк” 2 трлн сўмдан ортиқ соф фойда олган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 102,5 млрд сўм бўлган. Демак, соф фойда 19,5 баравардан кўпроқ ошган.
Молиявий натижалар ҳақидаги хабар фонида “Ипотека-банк” акциялари сўнгги икки савдо кунида 23,1 фоизга қимматлашди. Хусусан, 13-октабр якунида 3,76 сўм бўлган оддий акциялар нархи 15-октабр соат 16:02 ҳолатига 4,63 сўмга етди. Шу даврда бир дона акция қиймати 0,87 сўмга ошди.









