Рақамли валюта синови ва 50 млн долларлик венчур фонд: Марказий банк янги финтех лойиҳаларини эълон қилди
Марказий банк CBDC (Марказий банк рақамли валютаси) бўйича тадқиқот ўтказиш, Инновацион хабни ишга тушириш ва 50 млн долларлик венчур фондни шакллантиришни режалаштирмоқда.
2030 йилгача финтех-стартапларга 1 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, бозор иштирокчиларини 200 тага етказиш ва 5 минг ёшни ўқитиш мақсад қилинган.
Шунингдек, UzQR ва очиқ банкинг тизимларини ривожлантириш ҳамда HUMO ва UZCARD’нинг хориждаги қамровини кенгайтириш кўзда тутилган.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов 24 август куни Тошкентда бошланган Silk Road Finance & Technology Forum’даги нутқида Ўзбекистон молия бозорида амалга ошириладиган бир қатор янги лойиҳаларни эълон қилди.
Уларнинг энг муҳимларидан бири Марказий банк рақамли валютаси, яъни CBDC (Central bank digital currency) бўйича тадқиқот ўтказилишидир.
Регулятор эълон қиладиган “оқ қоғоз”да рақамли валютадан фойдаланиш ҳолатлари, техник дизайн вариантлари, асосий хатарлар ҳамда унинг мамлакат молия тизимига таъсири таҳлил қилинади.
Марказий банк ушбу тадқиқот натижаларидан тажриба-синов босқичини бошлашда фойдаланмоқчи. Бироқ ҳозирча “рақамли сўм”ни муомалага чиқариш тўғрисида якуний қарор қабул қилинмаган, унинг шакли ва ишга туширилиш муддати ҳам маълум эмас.
CBDC’ни синаш вазифаси президентнинг 2025 йил ноябрда қабул қилинган ПҚ–359-сон қарорида ҳам белгиланган. Ҳужжатга кўра, Марказий банк рақамли валютани тўлов воситаси сифатида тажриба-синовдан ўтказиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиши керак эди.
Форумда Ўзбекистоннинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Миллий финтех стратегияси ҳам тақдим этилди. У инновацияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий инфратузилмани янгилаш, тартибга солиш тизимини такомиллаштириш ҳамда стартапларнинг капитал ва малакали кадрларга киришини кенгайтиришни назарда тутади.
Шу билан бирга, Марказий банк ҳузурида Инновацион хаб ташкил этилган. У 2026 йилнинг тўртинчи чорагидан илк резидентларни қабул қилиб, финтех-стартапларга инкубация, акселерация, регулятор билан ишлаш ва маҳсулотларни пилот шаклда синаш имконини беради.
Хабдан ўтган истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш учун алоҳида венчур фонди ҳам тузилган. Марказий банк ҳозир уни бошқариш учун тажрибали халқаро компаниялар билан музокара олиб бормоқда.
Фонднинг устав капитали 50 млн доллар эквивалентида белгиланган. Бироқ бу маблағ бир йўла ажратилмайди — капитал 2026–2030 йилларда Марказий банкнинг соф фойдаси ҳисобидан босқичма-босқич шакллантирилади.
Умуман, 2030 йилгача Ўзбекистон финтех-стартапларига 1 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, бозор иштирокчилари сонини камида 200 тага, инкубация ва акселерация дастурларидан ўтган стартапларни эса 100 тага етказиш мақсад қилинган.
Таққослаш учун, Тимур Ишметов келтирган маълумотга кўра, 2025 йилда бутун Марказий Осиёда венчур молиялаштириш ҳажми қарийб 320 млн долларни ташкил қилган. Шу жиҳатдан фақат Ўзбекистон финтех-стартапларига беш йил ичида 1 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш мақсади минтақадаги ҳозирги бозор ҳажмига нисбатан анча юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Яна 5 минг ёш финтех йўналишида ўқитилади. Дастлабки гуруҳ 2026 йил охиригача Сингапур университетлари ва Global Finance & Technology Network билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур асосида таҳсил олишни бошлайди.
Марказий банк ягона UzQR тизими, очиқ банкинг API’лари, ҳисобдан-ҳисобга бир неча сонияда пул ўтказиш ҳамда сунъий интеллектга асосланган муқобил кредит скоринги устида ҳам ишламоқда. Регуляторга кўра, ҳозир Ўзбекистондаги тўловларнинг 57 фоизи нақдсиз шаклда амалга оширилмоқда.
Трансчегаравий тўловлар ҳам кенгайтирилмоқда. HUMO карталари 2026 йил февралидан Қозоғистондаги Halyk Bank терминалларида қабул қилинмоқда, 13 августдан эса ушбу банкнинг банкоматларидан нақд пул ечиш имконияти ишга туширилган. Бунда валюта реал вақт режимида автоматик конвертация қилинади ва карта эгасидан қўшимча комиссия ундирилмайди.
HUMO’нинг Қирғизистондаги Elcard тизими билан интеграциясига Aiyl Bank, BTB ва KICB уланган. MBank ҳам қўшилгач, хизматнинг мамлакатдаги қамрови 51 фоизга етиши кутилмоқда.
UZCARD инфратузилмасида эса Visa, Discover ва Diners Club карталарини қабул қилиш йўлга қўйилган. Elcard билан тўғридан-тўғри P2P ўтказмалари 2025 йилдан ишламоқда, Mastercard ва UnionPay билан кобейжинг ҳамда Туркиянинг PTT Bank’и билан интеграция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.









