“Ўзбекнефтегаз” соҳага оид бўлмаган ҳомийликни тўхтатишни футбол клубларидан бошлади
“Ўзбекнефтегаз” АЖ ўз тасарруфидаги “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” футбол клубларига кўрсатиб келинаётган ҳомийликни тўхтатади. Қарор президентнинг 59-сонли фармойиши асосида, соҳага алоқадор бўлмаган харажатларни қисқартириш доирасида қабул қилинган.

“Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамияти футбол клубларига кўрсатиб келинаётган ҳомийлик ёрдамини тўхтатади. Жамият Ўзбекистон футбол ассоциациясига расмий хат йўллаб, ўз тасарруфидаги футбол клубларини молиялаштириш бекор қилинишини маълум қилган.
Бу ҳақда GoSport ва Penalty саҳифалари ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Компаниянинг мазкур қарори натижасида “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” футбол клублари асосий ҳомийлик маблағларидан маҳрум бўлади.
Мазкур қарор 2025 йил ноябрь ойида қабул қилинган Президентнинг 59-сонли фармойиши билан боғлиқ. Ҳужжатда давлат корхоналарида таннархни камайтириш ҳамда самарадорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.
Фармойишга мувофиқ, давлат корхоналари Президент қарорлари ва топшириқларида бевосита назарда тутилган ҳолатлардан ташқари барча вазиятларда ҳомийлик ёрдамлари кўрсатишни тўхтатиши белгиланган.
Шунингдек, 30 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтегаз” АЖ фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишган. Унда соҳага алоқадор бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловларини қисқартириш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш орқали жамиятнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш режалаштирилаётгани қайд этилган.
Маълумот учун, “Ўзбекнефтегаз” 2024 йилда олинган соф фойданинг 10 фоизини ҳомийлик тўловларига йўналтирган.









