11 909.660 so‘m

decrease

-24.580

13 588.920 so‘m

decrease

-2.990

152.280 so‘m

decrease

-0.700

11 909.660 so‘m

decrease

-24.580

Якин 1 соат ичида
Иқтисодиёт
39

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бир йилда қарийб 14 млрд долларга кўпайди

2026 йилнинг биринчи чораги якунида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82,2 млрд долларга етди. 

Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,8 млрд доллар ёки 20,2 фоизга кўп бўлиб, шундан 40,5 млрд доллари давлат, 41,7 млрд доллари корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.

Йиллик ўсишнинг қарийб учдан икки қисми банклар ва корхоналар томонидан жалб қилинган корпоратив қарзлар ҳисобига шаклланган.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бир йилда қарийб 14 млрд долларга кўпайди
Фото: AI/Pinkod.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чораги охирида мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 68,4 млрд долларни ташкил этган эди. Шундан 35,8 млрд доллари давлат ташқи қарзи, 32,6 млрд доллари эса корпоратив ташқи қарз ҳиссасига тўғри келган.

2026 йил 1 апрель ҳолатига давлат ташқи қарзи 40,5 млрд долларга етди. Бу бир йил аввалгига нисбатан 4,7 млрд доллар ёки 13,1 фоизга кўп. Давлат қарзининг умумий ташқи қарздаги улуши 49,3 фоизни ташкил қилмоқда. Марказий банк ҳисоб-китобида давлат ташқи қарзи таркибига ҳисобланган, бироқ ҳали тўланмаган фоизлар ҳам киритилади.

Ўсишнинг асосий қисми корпоратив қарз ҳисобига тўғри келди

Корпоратив ташқи қарз эса бир йил ичида 32,6 млрд доллардан 41,7 млрд долларгача ошган. Ўсиш 9,1 млрд доллар ёки қарийб 28 фоизни ташкил этди. Натижада корпоратив қарз умумий ташқи қарзнинг 50,7 фоизига етиб, давлат ташқи қарзидан 1,2 млрд долларга кўп бўлди.

Шу тариқа, мамлакат ташқи қарзидаги 13,8 млрд долларлик йиллик ўсишнинг қарийб учдан икки қисми — 66 фоизи корпоратив сектор ҳисобига шаклланган.

Марказий банк изоҳига кўра, корпоратив ташқи қарз таркибига банклар, корхоналар ва бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат кафолатисиз четдан жалб қилинган маблағлар киради. Ушбу мажбуриятлар бўйича давлат жавобгар ҳисобланмайди ва тўловлар қарз олган банк ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Йил бошидан қарз деярли ўзгармади

Ташқи қарз йиллик ҳисобда сезиларли ошган бўлса-да, 2026 йилнинг дастлабки уч ойида унинг ҳажми деярли ўзгармаган. Яъни қарзнинг асосий кўпайиши 2025 йилнинг иккинчи ярмида юз берган. 2026 йилнинг биринчи чорагида давлат сектори ва банкларнинг янги қарз жалб қилиши аввалги мажбуриятлар бўйича тўловлар ҳамда бошқа ўзгаришлар билан қисман мувозанатлашган.

Ҳисобот даврида банклар, давлат сектори ва бошқа тармоқлар томонидан ташқи қарзлар, савдо кредитлари, валюта ва депозитлар орқали қарийб 1,1 млрд доллар соф маблағ жалб қилинган. Жумладан, банклар мажбуриятлари 715 млн долларга, давлат бошқаруви секториники 404 млн долларга ошган. Бошқа секторларнинг мажбуриятлари эса 25 млн долларга камайган.

Марказий банк ХВЖ баҳосига таяниб, Ўзбекистоннинг ташқи қарз юкини ҳозирча паст даражада деб қайд этган. Бунда давлат томонидан жалб қилинган қарзларнинг муҳим қисми узоқ муддатли ва имтиёзли шартларга эга экани таъкидланган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+