Ўзбекистоннинг коррупцияни қабул қилиш индексидаги ўрни кетма-кет иккинчи йил пасайди
Transparency International’нинг 2025 йилги Corruption Perceptions Index (CPI) ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 31 балл билан 182 давлат орасида 124-ўринни эгаллади.
Мамлакатнинг коррупцияни қабул қилиш индексидаги кўрсаткичи кетма-кет иккинчи йил пасайди. CPI Ўзбекистон учун устувор халқаро рейтинглардан бири ҳисобланади.

Transparency International халқаро ташкилоти 2025 йил учун дунёдаги коррупция ҳолатини акс эттирувчи навбатдаги Corruption Perceptions Index (CPI) ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, коррупцияни қабул қилиш бўйича ўртача жаҳон кўрсаткичи охирги ўн йилдан ортиқ вақт ичида илк бор 42 баллгача пасайди. Таҳлил қилинган 182 давлатдан 122 таси 50 баллдан паст натижа қайд этган. 80 баллдан юқори кўрсаткичга эга мамлакатлар сони эса кескин қисқариб, жорий йилда атиги бештани ташкил этди.
Ташкилот мутахассисларининг таъкидлашича, ҳатто демократик институтлари шаклланган давлатларда ҳам, агар раҳбарият томонидан коррупцияга қарши курашда сиёсий ирода сусайса, коррупция хавфи сезиларли даражада ортади.
Ўзбекистон 31 балл билан 182 давлат орасида 124-ўринни эгаллади. Мамлакат Қирғизистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон ва Туркманистондан юқори, бироқ Украина, Қозоғистон, Молдова, Арманистон ва Грузиядан паст ўринда қайд этилди.
Постсовет давлатлари орасида Эстония энг юқори натижа билан 13-ўринни, Туркманистон эса энг паст — 167-ўринни эгаллади.
Сўнгги бир йил ичида Ўзбекистоннинг кўрсаткичи 1 баллга пасайди. Натижада коррупцияни қабул қилиш индекси иккинчи йил кетма-кет ёмонлашди. 2023 йилдан буён мамлакат жами 2 балл йўқотиб, рейтингда уч поғона пастлади. Бунгача эса Ўзбекистон 11 йил давомида изчил ижобий ўсиш кўрсатиб келган эди.
Рейтингда саккизинчи йил кетма-кет Дания етакчиликни сақлаб қолди — 89 балл. Ундан кейинги ўринларда Финляндия (88) ва Сингапур (84) жойлашди. Шунингдек, кучли ўнликдан Янги Зеландия, Норвегия, Швеция ва Швейсария ўрин олди. Энг паст натижалар Жанубий Судан, Сомали, Венесуэла, Яман, Ливия ва Эритреяга тўғри келди.
Маълумот учун, Ўзбекистон CPI рейтингида:
- 2024 йилда — 121-ўрин,
- 2023 йилда — 121-ўрин,
- 2022 йилда — 126-ўрин,
- 2021 йилда — 140-ўрин,
- 2020 йилда — 146-ўрин,
- 2019 йилда — 153-ўрин,
- 2017 йилда — 157-ўрин,
- 2016 йилда — 156-ўринни эгаллаган.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Corruption Perceptions Index Ўзбекистон учун устувор халқаро рейтинг ва индекслардан бири ҳисобланади.
Олий Мажлис Сенати қарорига мувофиқ, мамлакат мазкур индексда 2026 йилга бориб камида 35 балл, 2030 йилга келиб эса 40 балл кўрсаткичга чиқиши лозим. Ушбу вазифани амалга ошириш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Бош прокуратура зиммасига юклатилган.









