Ўзбекистондаги Мурунтов ва Олмалиқ конлари дунёда энг кўп олтин қазиб олинадиган ТОП-10 кон қаторига кирди
Навоий вилоятидаги Мурунтов кони 2025 йилда 1,708 млн унсия, яъни қарийб 53,1 тонна олтин ишлаб чиқариб, дунё рейтингида 2-ўринни эгаллади.
Олмалиқ кон-металлургия комплекси эса 750 минг унсия ёки тахминан 23,3 тонна олтин ишлаб чиқариб, 6-ўриндан жой олди.

2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг икки йирик олтин кони — Мурунтов ва Олмалиқ дунёда энг кўп олтин ишлаб чиқарилган конлар рейтингидан жой олди.
MINING.COM томонидан S&P Global маълумотлари асосида тузилган рейтингда Мурунтов 2-ўринни, Олмалиқ эса 6-ўринни эгаллаган.
Рейтингга кўра, Мурунтов конида 2025 йилда 1,708 млн унсия, яъни қарийб 53,1 тонна олтин ишлаб чиқарилган. Бу 2024 йилга нисбатан 4 фоизга юқори кўрсаткич ҳисобланади. Олмалиқ кон-металлургия комплекси эса 750 минг унсия ёки тахминан 23,3 тонна олтин ишлаб чиқарган. Бу кўрсаткич 2024 йил даражасида сақланиб қолган.
ТОП-10 рўйхатга қайси конлар кирди?
2025 йилда энг кўп олтин ишлаб чиқарилган конлар рейтингида биринчи ўринни АҚШдаги Nevada Gold Mines комплекси эгаллади. У 2,595 млн унсия, яъни қарийб 80,7 тонна олтин ишлаб чиқарган. Мазкур комплекс Barrick ва Newmont компанияларининг қўшма лойиҳаси бўлиб, 10 та ерости ва 12 та очиқ конни ўз ичига олади.
Иккинчи ўринда Ўзбекистоннинг Мурунтов кони қайд этилди. У Навоий кон-металлургия компанияси таркибидаги энг муҳим активлардан бири ҳисобланади. 2025 йилда Мурунтов 1,708 млн унсия олтин ишлаб чиқариб, Россиядаги Олимпиада, Индонезиядаги Grasberg ва Қозоғистондаги Kazzinc каби йирик конларни ортда қолдирди.
Учинчи ўринни Россиядаги Олимпиада кони эгаллади. Polyus компаниясига қарашли ушбу кон 2025 йилда 1,357 млн унсия олтин ишлаб чиқарган.
Тўртинчи ўринда Қозоғистондаги Kazzinc Consolidated комплекси жойлашди. У 947 минг унсия олтин ишлаб чиқарган. Бешинчи ўринни эса Индонезиядаги Grasberg кони эгаллади. Grasberg 2025 йилда 937 минг унсия олтин ишлаб чиқарган, бироқ ишлаб чиқариш ҳажми 2024 йилга нисбатан кескин камайган. Бунга 2025 йил сентябрида юз берган ҳалокатли кўчки ва операцияларнинг вақтинча тўхтатилгани сабаб бўлган.
Ўзбекистоннинг иккинчи вакили — Олмалиқ кон-металлургия комплекси рейтингда 6-ўринни эгаллади. Комплекс 2025 йилда 750 минг унсия олтин ишлаб чиқарган. Шу билан бирга, Олмалиқ нафақат олтин, балки Ўзбекистон мис саноатида ҳам муҳим ўрин тутади. Манба маълумотида у мамлакат мис ишлаб чиқаришининг 90 фоиздан ортиғини таъминлаши қайд этилган.
2025 йилда энг кўп олтин ишлаб чиқарилган 10 та конь:
| Ўрин | Кон / комплекс | Мамлакат | 2025-йил ишлаб чиқариш | Тахминан тоннада |
|---|---|---|---|---|
| 1 | Nevada Gold Mines | АҚШ | 2,595 млн унция | 80,7 тонна |
| 2 | Мурунтов | Ўзбекистон | 1,708 млн унция | 53,1 тонна |
| 3 | Olimpiada | Россия | 1,357 млн унция | 42,2 тонна |
| 4 | Kazzinc Consolidated | Қозоғистон | 947 минг унция | 29,5 тонна |
| 5 | Grasberg | Индонезия | 937 минг унция | 29,1 тонна |
| 6 | Олмалиқ | Ўзбекистон | 750 минг унция | 23,3 тонна |
| 7 | Blagodatnoye | Россия | 736 минг унция | 22,9 тонна |
| 8 | Detour Lake | Канада | 693 минг унция | 21,6 тонна |
| 9 | Kibali | Конго ДР | 673 минг унция | 20,9 тонна |
| 10 | Ahafo | Гана | 664 минг унция | 20,7 тонна |
Марказий банкнинг энг сўнгги маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 70,9 млрд долларга етган. Захираларнинг асосий қисмини олтин активлари ташкил этиб, уларнинг қиймати 61,6 млрд доллар атрофида баҳоланган. Хорижий валютадаги активлар эса 8,7 млрд долларни ташкил қилган.









