12 075.980 so‘m

increase

63.770

13 800.430 so‘m

increase

69.270

157.320 so‘m

decrease

-0.820

12 075.980 so‘m

increase

63.770

10 соат аввал
Технология
121

Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ мактаб Canva’дан уч йил бепул фойдаланади

Ўзбекистоннинг барча умумтаълим мактабларига Canva for Education платформасидан уч йил давомида бепул фойдаланиш имконияти берилади. Қиймати $20 млн бўлган грант ўқитувчи ва ўқувчиларга тақдимотлар, инфографикалар, видеолар ҳамда сунъий интеллект асосидаги таълим материалларини яратиш имконини беради.

Ўзбекистондаги 10 мингдан ортиқ мактаб Canva’дан уч йил бепул фойдаланади

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов бошчилигидаги делегация Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида Австралиянинг Canva компанияси билан грант келишувини имзолади.

Шартномага кўра, мамлакатдаги 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактаби Canva for Education платформасидан уч йил давомида бепул фойдаланади. Грантнинг умумий қиймати $20 млнни ташкил этади.

Келишув Париждаги ЮНЕСКО бош қароргоҳида ўтказилаётган «Таълим трансформацияси саммити +4» — TES+4 доирасида тузилган.

Canva қандай платформа?

Canva — профессионал дизайн дастурларидан фойдаланиш тажрибасига эга бўлмаган фойдаланувчиларга ҳам турли визуал материалларни тайёрлаш имконини берувчи онлайн платформа.

Унда тайёр шаблонлар ва содда «судраб жойлаштириш» тамойили орқали тақдимотлар, плакатлар, инфографикалар, видеолар, ижтимоий тармоқ постлари, ҳужжатлар ва бошқа материалларни яратиш мумкин.

Canva for Education эса платформанинг мактаблар, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун махсус мослаштирилган таълим йўналишидир. Унда дарс режалари, тақдимотлар, иш варақалари, плакатлар, видеолар ва кўргазмали материалларни тайёрлаш учун махсус шаблон ва воситалар мавжуд.

Ўқитувчилар учун қандай имкониятлар мавжуд?

Ўқитувчи Canva орқали материални нолдан яратиши ёки тайёр шаблонни фан, синф ва мавзуга мослаштириши мумкин.

Масалан, платформада:

  • тарих дарси учун вақт чизиғи;
  • география учун харита;
  • биология учун жараёнлар схемаси;
  • математика учун топшириқлар варақаси;
  • дарс якуни учун тест ва викториналар тайёрлаш мумкин.

Платформадаги сунъий интеллект воситалари дарс режаси, ўқув мақсадлари, саволлар, машқлар ва тарқатма материалларнинг дастлабки вариантини яратишга ёрдам беради.

Magic Write матн ва ғоялар тайёрлашга, Magic Design эса қисқа топшириқ асосида тақдимот яратишга хизмат қилади. Шунингдек, матнли сўров орқали расм, график элемент ва бошқа визуал материалларни генерация қилиш имкониятлари ҳам мавжуд.

Ўқитувчилар платформа орқали:

  • ўқувчиларга топшириқ юбориши ва уларнинг ишларини бошқариши;
  • тест, викторина ва интерактив машғулотлар тайёрлаши;
  • материалларни турли формат ва ўлчамларга мослаштириши;
  • тайёр дизайнларни PDF, тақдимот, расм ёки видео кўринишида сақлаши;
  • бир материал устида ҳамкасблари ёки ўқувчилар билан биргаликда ишлаши мумкин.

Ўқувчилар учун нима ўзгаради?

Canva for Education ўқувчиларга одатий реферат ёки матнли топшириқ билан чекланиб қолмасдан, маълумотни визуал ва замонавий усулда тақдим этиш имконини беради.

Ўқувчилар платформа орқали тақдимотлар, инфографикалар, видеолар, лойиҳа плакатлари, диаграммалар ва рақамли ҳикоялар тайёрлаши мумкин.

Бир ҳужжат устида бир нечта ўқувчининг бир вақтнинг ўзида ишлаши гуруҳ лойиҳаларини ташкил этишни осонлаштиради. Бу орқали ўқувчилар:

  • креатив ва танқидий фикрлаш;
  • маълумотларни саралаш;
  • фикрни қисқа ва тушунарли ифодалаш;
  • жамоада ишлаш;
  • рақамли воситалардан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиради.

Canva’нинг таълим воситалари сунъий интеллект ёрдамида интерактив машқлар, тестлар ва турли даражадаги ўқув материалларини яратишга ҳам имкон беради.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+