Ўзбекистонда хорижий акциялар савдосига рухсат берилди: кимлар инвестиция кирита олади?
Ўзбекистонда хорижий компаниялар акциялари, облигациялари ва ETF’ларни маҳаллий фонд биржаси ҳамда брокерлик платформалари орқали сотиб олиш тартиби тасдиқланди.
Бироқ бу имкониятдан фақат малакали инвестор мақомига эга шахслар фойдалана олади.
Бундай мақомни олиш мезонларидан бири камида 5 минг долларлик молиявий активларга эга бўлиш ҳисобланади.

Ўзбекистонда хорижий қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш тартиби тасдиқланди. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг тегишли буйруғи 11 ноябрь куни Адлия вазирлигида 3971-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган ва 12 ноябрдан кучга кирган.
Янги низом капитал бозоридаги “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими доирасида хорижий қимматли қоғозларни Ўзбекистондаги фонд биржаси ҳамда инвестиция воситачиларининг электрон платформалари орқали муомалага киритиш қоидаларини белгилайди.
Унга кўра, хорижий фонд индексларига киритилган компаниялар акциялари, корпоратив ва давлат облигациялари, биржа фондлари (ETF), индекс фондлари қимматли қоғозлари ҳамда депозитар тилхатлар савдога чиқарилиши мумкин.
Бунда хорижий қимматли қоғозлар билан ишлашнинг иккита механизми назарда тутилган. Биринчисида хорижий акциялар асосида яратилган молиявий воситалар Ўзбекистон фонд биржаси ёки маҳаллий брокер платформасида сотилади. Иккинчисида эса маҳаллий брокернинг электрон платформаси орқали хорижий савдо майдончаларидаги битимларга кириш имконияти яратилади.
Биринчи механизмда Марказий депозитарий хорижда сақланаётган қимматли қоғозларни базавий актив сифатида ҳисобга олади ва уларга мос молиявий воситаларни рўйхатдан ўтказади. Битта молиявий восита бир бирлик хорижий қимматли қоғозга мос келиши шарт.
Кимлар хорижий акцияларни сотиб олиши мумкин?
Янги тартибга кўра, хорижий қимматли қоғозлар билан операцияларни фақат малакали инвестор деб тан олинган жисмоний ва юридик шахслар амалга ошириши мумкин.
Жисмоний шахс бундай мақомни олиш учун қуйидаги мезонлардан камида биттасига жавоб бериши керак:
- Камида 5 минг доллар миқдоридаги пул маблағлари, қимматли қоғозлар ёки бошқа молиявий воситаларга эга бўлиш;
- Охирги 12 ой давомида брокер белгилаган миқдор ва суммада инвестиция битимларини амалга оширган бўлиш;
- Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака сертификатига эга бўлиш;
- CFA, CIIA, FRM ёки брокер томонидан тан олинадиган бошқа халқаро молиявий сертификатлардан бирига эга бўлиш;
- Молия, иқтисодиёт, математика, бизнес-таҳлил, бухгалтерия ҳисоби, инвестициялар ёки молиявий ҳуқуқ йўналишларида олий маълумотга эга бўлиш;
- Инвестиция фаолияти ёки молиявий таваккалчиликларни бошқариш билан бевосита боғлиқ лавозимларда камида икки йиллик иш тажрибасига эга бўлиш.
Шундай қилиб, хорижий акциялар савдосида иштирок этиш учун албатта 5 минг доллар инвестиция киритиш шарт эмас. Масалан, тегишли олий маълумотга ёки инвестиция соҳасида етарли тажрибага эга бўлган шахслар ҳам малакали инвестор сифатида тан олиниши мумкин.
Бироқ мақом берилишидан аввал брокер мижознинг молия бозори, инвестиция инструментлари ва улар билан боғлиқ хавфлар ҳақидаги билимларини тест орқали текширади. Айрим касбий ёки таълим мезонларига жавоб берадиган инвесторлар брокер қарорига кўра тестдан озод этилиши мумкин.
Малакали инвестор мақоми брокер томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва текширув натижалари асосида берилади. Тестдан ўта олмаган мижозга эса ушбу мақом тақдим этилмайди.
Барча хорижий акциялар савдога чиқарилмайди
Янги низом хорижий қимматли қоғозлар учун ҳам алоҳида талабларни белгилаган.
Жумладан, улар халқаро идентификация рақамига (ISIN) ёки бошқа расмий идентификаторга эга бўлиши ҳамда тан олинган хорижий юрисдикцияда рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Бундан ташқари, қимматли қоғоз листингга киритилган хорижий савдо майдончасидаги акциялар ва бошқа листинг қимматли қоғозларининг умумий капиталлашуви камида 1 трлн доллар бўлиши талаб этилади. Бу талаб алоҳида компаниянинг эмас, савдо майдончасининг умумий капиталлашувига тегишли.
Муомалага рухсат бериладиган қимматли қоғозлар рўйхати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан шакллантирилади.
Брокер ёки бошқа ташаббускор тақдим этган ариза 10 иш куни ичида кўриб чиқилади. Муомалага чиқариладиган қимматли қоғозлар ҳажми эса Марказий банк билан келишилади.
Шу сабабли янги низомнинг кучга кириши хорижий компанияларнинг барча акциялари автоматик равишда Ўзбекистон бозорида сотила бошлаганини англатмайди. Ҳар бир инструмент белгиланган тартибда реестрга киритилиши керак.
Инвесторлар пулларини қандай қайтариб олади?
Низомда хорижий қимматли қоғозлар билан ҳисоб-китобларни чет эл валютасида амалга ошириш белгиланган.
Инвесторлар маблағларини банк ҳисобварақларидан брокернинг алоҳида валюта ҳисобварағига ўтказиши мумкин. Маҳаллий молиявий воситаларни харид қилишда нақд хорижий валютани агент-банк орқали киритишга ҳам рухсат берилади.
Хорижий савдо майдончаларига кириш имконини берувчи брокерлик платформалари орқали олинган даромадларни инвестиция ҳисобварағида сақлаш, бошқа қимматли қоғозларга йўналтириш ёки Ўзбекистондаги банк ҳисобварақлари ва карталарига чиқариш мумкин.
Бунда инвесторнинг пулни ечиб олиш бўйича топшириғи уч банк кунидан ошмаган муддатда бажарилиши керак. Агар маблағлар беш иш кунидан кейин ҳам хорижий воситачидан келиб тушмаса, маҳаллий брокер белгиланган истиснолардан ташқари ҳолларда тўловни ўз ҳисобидан амалга ошириши шарт.
Шунингдек, брокерлик платформалари инвесторларга камида кунига бир марта пул маблағларини ечиб олиш имкониятини тақдим этиши керак.
Низомга мувофиқ, хорижий қимматли қоғозларни қарз маблағлари ҳисобидан сотиб олишга йўл қўйилмайди. Улар билан операциялардан олинган даромадларга эса Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ солиқ солинади.









