Ўзбекистонда уй-жой бозори иккинчи чоракда қандай ўзгарди?
Давр мобайнида бирламчи бозордаги уйлар нархи айрим ҳудудларда 8,6 фоизгача ошган бўлса, Тошкент шаҳрида 8,2 фоизлик пасайиш кузатилди.
Ўзбекистондаги бирламчи, иккиламчи ва ижара уй-жой бозори ҳолати ҳақида батафсил:

Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси 2025 йилнинг иккинчи чорагига оид уй-жой бозори таҳлилини тақдим қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон уй-жой бозорида бу даврда юқори фаоллик кузатилди. Республиканинг кўплаб ҳудудларида нархларнинг кўтарилиши кузатилди, бироқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пасайиш тенденцияси давом этди.
Бирламчи бозор
Бирламчи бозорда энг сезиларли ўсиш Жиззах вилоятида (+8,6%), Хоразмда (+5,0%) ва Сурхондарёда (+3,2%) қайд этилди. Аксинча, Тошкент шаҳри (-8,2%) ва Тошкент вилоятида (-5,7%) кетма-кет икки чоракдир нархлар пасайишда давом этмоқда.

Пойтахт туманлари кесимида ҳам пасайиш кўринди. Мирзо-Улуғбек (-5,3%), Олмазор (-4,4%) ва Сергели (-4,5%)да нархлар энг кўп камайди. Миробод (-0,8%) ва Яшнобод (-0,4%)да эса тушиш нисбатан паст бўлди. Тошкентдаги энг арзон уй-жойлар Бектемир туманида (10,2 млн сўм/м²), энг қимматлари эса Миробод (17,1 млн сўм/м²) ва Шайхонтоҳур (16,2 млн сўм/м²) туманларида қайд этилди.
Иккиламчи бозор
Иккиламчи уй-жой бозорида айрим ҳудудларда барқарорлашув ва кўтарилиш кузатилди. Қорақалпоғистон Республикасида (+9,6%), Хоразмда (+4,2%) ва Сирдарёда (+3,7%) нархлар ўсди. Бухоро, Навоий ва Қашқадарёда нархлар деярли ўзгармаган бўлса, Наманган ва Тошкент вилоятларида пасайиш кузатилди.

Тошкент шаҳрида иккиламчи бозордаги нархлар кетма-кет иккинчи чоракда тушиб, бу сафар 2,5%га камайди. Энг катта пасайиш Бектемир (-6,0%) ва Сергели (-4,7%) туманларида кузатилди, бироқ Миробод туманида (+1,9%) бироз ўсиш қайд этилди.
Қурилиш соҳаси
Уй-жой қурилишида ҳам юқори суръатлар кузатилмоқда. 2018 йилдан бери республика бўйича 430 мингдан ортиқ янги уй фойдаланишга топширилиб, жон бошига уй-жой билан таъминлаш даражаси 18%га ошди.
2025 йилда 130 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, уларнинг 15 минг хонадони Янги Тошкентда барпо этилади. Янги уйлар энергия тежамкор материаллар асосида қурилиши белгиланган. Фақатгина 2024 йилда мамлакат бўйича 40,5 млн квадрат метр бино фойдаланишга топширилган: 21,4 млн кв.м турар жой, 19,1 млн кв.м эса нотурар объектларга тўғри келган.
Ижара бозори
2025 йилнинг иккинчи чорагида ижара нархлари ўртача 3,1%га камайди. Энг юқори нархлар Тошкент шаҳри (101,5 минг сўм/м²), Тошкент вилояти (71,7 минг сўм/м²) ва Самарқанд (64,6 минг сўм/м²)да қайд этилди.

Энг катта тушиш Андижон (-10,3%) ва Навоий (-9,2%)да кузатилди. Шу билан бирга, Сурхондарё (+7,2%), Қашқадарё (+1,4%) ва Фарғонада (+0,7%)да нархлар ўсди. Тошкент шаҳрида эса Бектемир (-8,1%) ва Шайхонтоҳур (-6,2%)да пасайиш кучли бўлди, бироқ Олмазор (+3,2%), Яккасарой (+1,8%) ва Миробод (+1,5%)да ижара нархлари кўтарилди.

Ижара рентабеллиги бўйича энг юқори кўрсаткич Наманган (12%), Фарғона (11,1%) ва Андижон (10,1%) вилоятларида қайд этилди. Энг паст даража Навоий (6,4%), Бухоро ва Самарқанд (6,8%)да кузатилди.