Ўзбекистонда учта банк жами 40 млн долларлик облигация чиқармоқда
“Asia Alliance Bank”, “Universal Bank” ва “Poytaxt Bank” маҳаллий капитал бозори орқали АҚШ долларида жами 40 млн доллар жалб қилишга киришди.
Облигациялар бўйича йиллик даромадлилик 7–8,5 фоизни, муомала муддати эса бир йилдан уч йилгача ташкил этади.
“Asia Alliance Bank”нинг 20 млн долларлик эмиссияси хорижий валютадаги корпоратив облигациялар орасида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилди.

“Asia Alliance Bank”, “Universal Bank” ва “Poytaxt Bank” маҳаллий капитал бозорида АҚШ долларида жами 40 млн долларлик корпоратив облигациялар чиқаришга киришди.
Улардан “Asia Alliance Bank”нинг 20 млн долларлик эмиссияси хорижий валютада номиналланган корпоратив облигациялар орасида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилди.
“Asia Alliance Bank” ҳар бирининг номинал қиймати 100 доллар бўлган 200 минг дона облигация чиқаради. Эмиссиянинг умумий ҳажми 20 млн долларни ташкил этади.
Облигациялар уч йил муддатга чиқарилиб, улар бўйича йиллик 7 фоиз купон даромади тўланади. Фоизлар ҳар чоракда бериб борилади, облигацияларнинг ўзи ҳам, улар бўйича даромад ҳам АҚШ долларида ҳисоб-китоб қилинади.
“Universal Bank” эса 10 млн долларлик эмиссияни режалаштирган. Банк 100 доллардан 100 минг дона облигация чиқаради. Уларнинг муомала муддати икки йил, йиллик даромадлилиги эса 8,5 фоизни ташкил этади. Купон тўловлари ҳар 90 кунда амалга оширилади.
Бу “Asia Alliance Bank” таклиф қилаётган ставкадан 1,5 фоиз пункт юқори, бироқ облигациянинг муддати бир йилга қисқароқ. Агар облигация номинал қийматида сотиб олиниб, икки йил давомида ушлаб турилса, 100 долларга ҳисобланган купон даромади қарийб 17 долларни ташкил этади.
“Poytaxt Bank” ҳам 10 млн долларлик валюта облигацияларини чиқаришни тасдиқлаган. Банк ҳар бирининг номинал қиймати 100 доллар бўлган 100 минг дона облигацияни очиқ обуна орқали жойлаштиради.
“Poytaxt Bank” облигацияларининг муддати уч банк орасида энг қисқа — 365 кун. Йиллик ставка “Universal Bank”даги каби 8,5 фоиз бўлиб, облигациялар бўйича фоизлар йил давомида 12 та оралиқ даврга бўлинган ҳолда ҳисобланади. Эмиссия учун алоҳида таъминот ҳам назарда тутилмаган.
Доллар облигацияларини маҳаллий бозорда чиқариш имконияти 2025 йил 18 декабрдаги президент фармони билан яратилган. Кейинчалик валютада номиналланган облигацияларни чиқариш, жойлаштириш, муомалага киритиш ва сўндириш тартиби “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими доирасида белгиланди. Бир эмитентнинг муомаладаги бундай облигациялари умумий ҳажми 50 млн доллардан ошмаслиги керак.
Янги инструмент банклар учун доллар ресурсларини фақат омонатлар ёки ташқи қарз ҳисобидан эмас, маҳаллий капитал бозори орқали ҳам жалб қилиш имконини яратади. Инвестор эса маблағини сўмдаги қимматли қоғозга эмас, номинали ҳам, купон даромади ҳам АҚШ долларида ҳисобланадиган инструментга жойлаштира олади.
Бироқ доллар облигацияларини чиқаришни кўзлаётган банклар сони учта билан чекланмайди. “Hamkorbank” ҳам ИЛМАнинг “Тартибга солиш қумдони”га хорижий валютада облигация эмитенти сифатида киритилган. Ҳозирча банкнинг эмиссия ҳажми, ставкаси ва муддати бўйича аниқ шартлар эълон қилинмаган.









