11 813.090 so‘m

decrease

-7.390

13 677.200 so‘m

decrease

-88.930

135.610 so‘m

decrease

-1.900

11 813.090 so‘m

decrease

-7.390

12 соат аввал
Иқтисодиёт
105

Ўзбекистонда стартапларга гаровсиз 5 млрд сўмгача маблағ берилади

2027–2030 йилларда “Келажак тадбиркори” дастури орқали 30 тагача стартап очиқ танлов асосида молиялаштирилади. Ҳар бир лойиҳага “UzVC” фонди уч йилга фоизсиз ва гаровсиз 5 млрд сўмгача инвестиция киритиши мумкин. Маблағ кейинчалик корхонадаги улушга алмаштирилиши мумкин, бунда давлат улуши 49 фоиздан ошмайди.

Ўзбекистонда стартапларга гаровсиз 5 млрд сўмгача маблағ берилади

Ўзбекистонда устувор саноат йўналишларидаги стартапларни молиялаштириш учун “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилади. Бу Президентнинг 27 августдаги ПФ-175-сон фармонида белгиланган.

Дастур 2027–2030 йилларда амалга оширилади. Унинг доирасида саккизта устувор йўналишдаги жами 30 тагача стартап лойиҳа очиқ танлов орқали саралаб олинади.

Ҳар бир лойиҳага “UzVC” миллий венчур фонди томонидан 5 млрд сўмгача инвестиция киритилади. Энг юқори лимитдан ҳисоблаганда, дастур доирасидаги стартапларни молиялаштириш ҳажми жами 150 млрд сўмгача етиши мумкин.

Маблағ уч йил муддатга фоизсиз ва гаровсиз берилади. Бироқ стартапдан кўчмас мулк ёки бошқа активни гаровга қўйиш талаб этилмаса-да, молиялаштириш беғараз ҳисобланмайди.

Хусусан, маблағ келгусида корхонадаги улушга алмаштириладиган қарз ёки SAFE — келажакда улуш олишни назарда тутувчи инвестиция битими шаклида киритилади. Яъни лойиҳа ривожланганидан кейин фонд ажратган маблағи эвазига стартапнинг муайян улушига эга бўлиши мумкин.

Бунда давлат улуши компания устав капиталининг 49 фоизидан оширилмайди. Стартап таъсисчиларига эса ушбу улушни кейинчалик бозор қийматида қайта сотиб олиш ҳуқуқи берилади.

Давлат улушларини конвертация қилиш ва сотишдан тушган маблағлар “UzVC” тасарруфида қолади ҳамда “Келажак тадбиркори” дастури доирасидаги янги стартапларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Қайси стартаплар маблағ олиши мумкин?

Дастур доирасида қуйидаги саккизта йўналишдаги лойиҳалар молиялаштирилади:

  • электротехника: электроника ва унинг компонентлари, саноат сенсорлари, “ақлли” ҳисоблагичлар, “ақлли уй” ҳамда “ақлли шаҳар” ечимлари;
  • машинасозлик ва ускунасозлик: робототехника, машинани кўриш технологиялари, саноат автоматлаштируви, автоном транспорт воситалари, агротехника ва учиш аппаратлари;
  • фармацевтика: биотехнологиялар, фармацевтик субстанциялар, тайёр дори воситалари, тиббий буюмлар ва ускуналар;
  • кимё саноати: янги авлод ўғитлари, биополимерлар, наноматериаллар, батарея кимёси, функционал қопламалар ва электрон саноат учун кимёвий материаллар;
  • қурилиш материаллари: энергия самарадор ва композит материаллар ҳамда қурилиш робототехникаси;
  • сув ва энергия тежовчи технологиялар: сунъий интеллект асосида суғориш, сув оқиб кетишини аниқлаш, сувни тозалаш ва қайта ишлатиш, батарея технологиялари, қуёш панелларини мониторинг қилиш ва қайта тикланувчи энергетика;
  • қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар: автоном тизимлар, таҳлилий технологиялар ҳамда ресурс тежамкор маҳсулот етиштириш ечимлари;
  • аэрокосмос: дронлар, аэрокосмик учиш аппаратлари, сунъий йўлдош технологиялари, геоахборот тизимлари ва масофадан зондлаш.

Танловдан ўтган стартаплар учун “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими ҳам қўлланади. Бу лойиҳаларга айрим янги маҳсулот ва технологияларни амалдаги умумий тартибдан фарқ қилувчи махсус шароитларда синовдан ўтказиш имконини беради.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик, агентлик, компания ва саноат уюшмалари дастур иштирокчиларига соҳадаги корхоналар билан тажриба-синов ишлари ҳамда буюртма шартномаларини тузишда кўмаклашади.

Стартап инвесторларига солиқ имтиёзи берилади

Фармонда стартапларга хусусий сармоя киритишни рағбатлантирувчи алоҳида тартиб ҳам белгиланган.

Стартап экотизимининг ягона электрон платформасида рўйхатдан ўтган лойиҳага пул киритган жисмоний шахсга “Стартап инвестори” ёки Business Angel мақоми берилади. Инвестиция устав капиталига тўғридан тўғри, конвертацияланадиган қарз ёки SAFE битими орқали киритилиши мумкин.

Бундай инвестор стартапдаги улушини камида уч йил сақлаб, кейин сотган тақдирда, сотувдан олинган даромад жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади. Агар улуш уч йилдан олдин сотилса, имтиёз қўлланмайди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+