11 934.610 so‘m

decrease

-17.490

13 788.050 so‘m

increase

8.470

144.640 so‘m

decrease

-0.570

11 934.610 so‘m

decrease

-17.490

1 соат аввал
Иқтисодиёт
47

Ўзбекистонда риэлторлик фаолияти учун янги тартиблар белгиланди

Янги қонунга кўра, мустақил кўчмас мулк агентлари фақат ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиши мумкин. Уй-жой олди-сотдиси ёки ижараси бўйича бевосита воситачилик эса малака сертификатига эга мутахассислар ишлайдиган риэлторлик ташкилотлари орқали амалга оширилади. 

Ўзбекистонда риэлторлик фаолияти учун янги тартиблар белгиланди

Президент 7 август куни «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни имзолади. Ҳужжат 2026 йил 8 ноябрдан кучга кириб, 2010 йилда қабул қилинган қонун ўрнини эгаллайди.

Янги тартиб риэлтор ва кўчмас мулк бўйича агент ваколатларини ажратиб берди. Риэлтор малака сертификатига эга бўлиши ҳамда меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида бир вақтнинг ўзида фақат битта риэлторлик ташкилоти таркибида ишлаши мумкин.

Кўчмас мулк бўйича агент эса якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолият юритади. Бироқ у фақат бозор ҳақида ахборот ва маслаҳат бериш, объектларни реклама қилиш ҳамда эълон жойлаштириш билан шуғулланиши мумкин.

Олди-сотди, ижара, гаров, айирбошлаш, ҳадя ва бошқа кўчмас мулк битимларини тузишда воситачилик қилиш агент ваколатига кирмайди. Бундай хизматларни фақат риэлторлик ташкилотлари кўрсатади.

Риэлторлик ташкилоти фаолият бошлаши учун унинг раҳбари малака сертификатига эга бўлиши, штатида камида икки нафар сертификатланган риэлтор ишлаши ва фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган бўлиши керак. Ташкилот профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши ҳам шарт.

Риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк агентлари Давлат активларини бошқариш агентлиги юритадиган очиқ Ягона реестрга киритилгандан кейингина фаолият бошлаши мумкин. Буюртмачи реестр орқали хизмат кўрсатувчининг қонуний мақомини текшира олади.

Риэлторлик сертификати ўқув дастури ва малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтган талабгорга QR-кодли электрон ҳужжат шаклида беш йилга берилади. Уни яна беш йилга узайтириш учун қайта имтиҳон топшириш талаб этилади. Бундан ташқари, риэлторлар ҳар уч йилда малака ошириш курсидан ўтиши керак.

Қонун риэлторлик хизматларини ёзма ёки электрон шартнома асосида кўрсатишни талаб қилади. Унда хизмат тури, муддати ва нархи, суғурта полиси, малака сертификати, тарафларнинг жавобгарлиги ҳамда хизмат бажарилмаса, пулни қайтариш тартиби кўрсатилади.

Шунингдек, хусусий сектор томонидан мультиллистинг тизими ташкил этилади. У орқали кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар, жумладан, объектга қўйилган тақиқ ва хатловлар, солиқ ҳамда коммунал қарздорлик, манзилда рўйхатдан ўтган шахслар ҳақидаги ахборот алмашилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси 7 ноябргача малака имтиҳонларини ўтказиш, сертификат бериш ва Ягона реестрни юритиш тартибларини тасдиқлаши керак.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+