Ўзбекистонда исломий банклар қайси стандартлар асосида фаолият юритади?
Ўзбекистонда исломий банклар фаолияти AAOIFI халқаро стандартлари асосида йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Марказий банк дастлаб муробаҳа, ижара, мушорака ва бошқа 4 та асосий исломий молия инструменти бўйича миллий стандартлар ишлаб чиқади.
Солиқ тизимида эса умумий халқаро ёндашув сақланиб қолади, бироқ даромадларни тақсимлаш ва фоизсиз молиялаштиришга оид айрим жиҳатлар исломий молия тамойилларидан келиб чиқиб тартибга солинади.

Аввалроқ Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мамлакатда исломий банклар фаолиятини йўлга қўйишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллагани хабар қилинган эди.
Сенатнинг ялпи мажлисида мазкур қонун лойиҳаси ҳамда унда белгиланган талаблар муҳокама қилинган.
Муҳокамалар давомида сенатор Зокиржон Раҳмонов қонун лойиҳасида исломий молия операциялари махсус стандартларга мувофиқ амалга оширилиши шартлиги ва бу стандартларни Марказий банк ишлаб чиқиши белгиланганига эътибор қаратди. Сенатор халқаро амалиётда 50 дан ортиқ исломий молия стандарти мавжудлигини таъкидлаб, Ўзбекистонда айнан қайси стандартлар асос қилиб олиниши бўйича савол берди.
Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиэвнинг тушунтиришича, ҳисобрақам очиш, улар бўйича тўловларни амалга ошириш, валюта айирбошлаш каби оддий банк операциялари аввалгидек умум қабул қилинган анъанавий тартибда бажарилади.
Исломий молияга оид операциялар бўйича эса Ўзбекистонда дастлаб 7 та асосий йўналишда стандартлар қабул қилиниши режалаштирилган. Марказий банк вакилининг айтишича, бу стандартлар асосан AAOIFI — “Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ва аудиторлик ташкилоти” стандартларига таянган ҳолда ишлаб чиқилади.
Гап Муробаҳа, исломий ижара, музораба, вакала, мушорака, салам ва истисна молиявий операциялари ҳақида бормоқда. Айнан ушбу йўналишлар қонунда қайд этилган бўлиб, Марказий банк уларни дастлабки ва энг долзарб исломий молия инструментлари сифатида баҳоламоқда.
Келгусида исломий молия тизими ривожланиб бориши билан қўшимча операциялар бўйича ҳам янги стандартлар ишлаб чиқилиши мумкин. Бу эса мураккаброқ исломий молия маҳсулотларини жорий этишга асос бўлади.
Солиқ бўйича ҳам шундай амалиёт қўлланилади
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг таъкидлашича, солиқ тизимида ҳам умумий ёндашув сақлаб қолинади. Яъни Ўзбекистонда умумбелгиланган нормалар, Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки ҳамда халқаро солиқ амалиётида қўлланиладиган стандартлар асосида ишлаш давом этади. Солиқ базаси, ресурс солиғи ва бошқа асосий тушунчалар шулар жумласидандир.
Фақат даромадларни тақсимлаш ёки фоиз кўринишидаги даромадларга таъсир қилувчи жиҳатлар исломий молия тизими нормаларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши мумкин.
AAOIFI ва унинг стандартлари ўзи бу нима?
AAOIFI (Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions) — исломий молия институтлари учун бухгалтерия, аудит ва шариатга мос молиявий фаолият стандартларини ишлаб чиқувчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Ташкилот 1991 йилда Баҳрайнда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда исломий банклар фаолиятини тартибга солишда дунёдаги энг нуфузли стандартлаштирувчи тузилмалардан бири саналади.
AAOIFI стандартлари исломий молия операцияларининг фоизсиз, шариат талабларига мос ва шаффоф тарзда амалга оширилишини таъминлайди. Жумладан, муробаҳа, ижара, мушорака, музораба, салам, истисна каби асосий исломий молия маҳсулотлари айнан ушбу стандартлар асосида тартибга солинади. Ўзбекистонда ҳам Марказий банк исломий молия бўйича миллий стандартларни ишлаб чиқишда асосан AAOIFI меъёрларига таяниши режалаштирилган.









