12 037.210 so‘m

increase

43.680

14 071.500 so‘m

increase

17.480

159.620 so‘m

increase

1.100

12 037.210 so‘m

increase

43.680

2 соат аввал
Иқтисодиёт
18

Ўзбекистонда инфляция илк бор 7 фоизгача пасайди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция 7 фоизгача пасайди. Бу 2016 йилдан бери эълон қилиб келинаётган ойлик инфляция статистикаси бўйича энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Ўзбекистонда инфляция илк бор 7 фоизгача пасайди
Фото: AI/Pinkod.uz

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси ўтган ойга нисбатан 0,6 фоизга ошди. Йил бошидан буён инфляция 2,5 фоизни, 2025 йил апрелига нисбатан эса 7,0 фоизни ташкил этди.

Таққослаш учун, 2025 йил апрель ойида йиллик инфляция 10,1 фоиз бўлган. Бу бир йил ичида инфляция суръати 3,1 фоизга секинлашганини англатади.

Апрелдаги 7,0 фоизлик кўрсаткич Ўзбекистонда 2016 йилдан бери эълон қилиб келинаётган ойлик инфляция статистикаси бўйича энг паст йиллик натижа бўлди. Бунгача энг паст кўрсаткичлар 2016 йилда 7,7 фоиз, 2025 йил якунида 7,3 фоиз ҳамда 2026 йил март ойида 7,1 фоиз даражасида қайд этилган эди.

Асосий гуруҳлар кесимида энг юқори йиллик ўсиш ҳануз хизматлар нархида кузатилмоқда. 2026 йил апрель ойида хизматлар нархи йиллик ҳисобда 12,0 фоизга ошган. Озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича йиллик ўсиш 5,9 фоизни, ноозиқ-овқат маҳсулотлари бўйича эса 5,2 фоизни ташкил этган.

Шунга қарамай, хизматлар сегментида нарх ўсиши сезиларли даражада секинлашган. Хусусан, 2025 йил апрель ойида хизматлар нархи йиллик ҳисобда 26,1 фоизга ошган эди.

Апрель ойидаги умумий ойлик инфляцияга энг катта таъсир озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар ҳиссасига тўғри келган. Ушбу бўлимдаги нарх ўзгаришлари йиғма истеъмол нархлари индекси кўрсаткичини 0,37 фоиз бандга оширган ва умумий ойлик ўсишнинг 62,7 фоизини шакллантирган.

Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари орасида гўшт нархларида сезиларли ўсиш кузатилган. 

Ой давомида қўй гўшти 3,7 фоизга, суякли ва суяксиз мол гўшти 3,2 фоиздан, гўшт қиймаси эса 2,9 фоизга қимматлашган. Шунингдек, шакар нархи 2,2 фоизга, тирик ва совутилган балиқ 2,0 фоизга, ўсимлик ёғи ўртача 0,8 фоизга, сут эса ўртача 0,4 фоизга ошган.

Бироқ айрим маҳсулотларда нарх пасайиши ҳам қайд этилган. Тухум 3,6 фоизга, гуруч ва гуруч оқшоғи 1,1 фоизга, парранда гўшти эса 1,2–1,3 фоиз оралиғида арзонлашган. Мева-сабзавотлар орасида энг катта пасайиш бодринг нархида кузатилган — 26,1 фоиз. Бундан ташқари, кўкатлар 3,3 фоизга, пиёз 2,7 фоизга, помидор ва карам эса 2,4 фоиздан арзонлашган.

Ҳудудлар кесимида йиллик инфляция 6,3–7,4 фоиз оралиғида шаклланган. Энг юқори кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида — 7,4 фоиз, Хоразм вилоятида — 7,3 фоиз, Сирдарё вилоятида эса 7,2 фоиз даражасида қайд этилган. Энг паст йиллик инфляция Жиззах вилоятида кузатилган — 6,3 фоиз. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич 6,9 фоизни ташкил қилган.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+