Ўзбекистонда битта бўш иш ўрнига 14 нафар талабгор тўғри келмоқда
HH.uz платформасида ўтган йилда 130 мингга яқин бўш иш ўрни эълон қилинган бўлиб, энг юқори фаоллик май-октябрь ойларида кузатилган, шунингдек, мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи 17% га ошиб, 6,6 миллион сўмни ташкил этди.
2024 йилда Ўзбекистон меҳнат бозорида рақобат сезиларли даражада ошди. HeadHunter маълумотларига кўра, 2024 йилда hh.uz платформасида ҳар бир бўш иш ўрни учун ўртача 14 нафар талабгор тўғри келган. Йил давомида иш изловчилар орасидаги рақобат даражаси 44 фоизга ошган.
Бўш иш ўринлари ва фаол даврлар
2024 йил давомида иш берувчилар hh.uz платформасида жами 130 мингта фаол бош иш ўринларини жойлаштирган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 28 фоизга ўсди. Иш берувчиларнинг энг фаол даври май – октябрь оралиғида бўлиб, айниқса октябрь ойида 18 мингга яқин бўш иш ўринлари эълон қилинган. Январь ва декабрь ойларида эса энг кам таклифлар кузатилган.
Соҳа ва йўналишлар бўйича талаб
Энг кўп бўш иш ўринлари савдо ва мижозларга хизмат кўрсатиш соҳасига (18,3%) тўғри келган. Ундан кейинги ўринларни маркетинг, реклама ва PR (13,8%) ҳамда спорт клублари ва гўзаллик салонлари (9,7%) эгаллаган. Суғурта соҳасидаги бош иш ўринлари сони 2023 йилга нисбатан 89 фоизга ошган.
Иш ҳақидаги ўзгаришлар
2024 йилда ўртача иш ҳақи 17 фоизга ошиб, 6,6 миллион сўмни ташкил этди. Олий ва ўрта менежмент соҳасидаги иш ҳақи етакчиликни сақлаб қолган бўлиб, бу йўналишда талабгорларга ўртача 11,7 миллион сўм таклиф қилинган.
Соҳа бўйича ўртача иш ҳақлари қуйидагича ўзгарди:
- Хавфсизлик – 47 фоизга ошди.
- Ишчи касблар – 45 фоизга ошди.
- Транспорт ва логистика – 34 фоизга ошди.
- Суғурта – иш ҳақи 37 фоизга пасайиб, ўртача 5 миллион сўмга тушди.
Талабгорларнинг фаоллиги йил давомида 84 фоизга ошиб, платформадаги фаол резюме сони 1,4 миллионга етди. Энг катта ўсиш ишчи касблар, суғурта, транспорт ва логистика, шунингдек, автомобиль бизнеси йўналишларида кузатилди. Ушбу соҳаларда резюмелар сони икки бараварга ошган.