11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

13 329.150 so‘m

decrease

-108.120

146.750 so‘m

increase

0.790

11 903.150 so‘m

decrease

-62.360

Якин 1 соат ичида
Банк
23

Ўзбекистонда биринчи исломий молия стандарти қабул қилиниши кутилмоқда

Марказий банк исломий банкларда “Муробаҳа” операцияларини амалга ошириш тартибини белгиловчи мамлакатдаги биринчи исломий молия стандартини тасдиқлашни таклиф қилмоқда. Унга кўра, банк товарнинг харид нархи ва ўз устамасини мижозга олдиндан очиқлаши, тўлов кечиктирилганда эса қўшимча устама ҳисобламаслиги керак бўлади.

Ўзбекистонда биринчи исломий молия стандарти қабул қилиниши кутилмоқда

Марказий банк томонидан “Исломий молия стандарти (1-сонли) — Муробаҳа”ни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат 1 ноябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Лойиҳа қабул қилинса, Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк махсус молиявий стандарт кучга киради. Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан амал қилиши режалаштирилмоқда.

Муробаҳа — банкнинг мижоз сўраган товарни аввал ўз мулкига сотиб олиши ва кейин уни харид нархига олдиндан келишилган устама қўшган ҳолда мижозга сотишидир. Тўлов бир йўла ёки бўлиб-бўлиб амалга оширилиши мумкин.

Бу механизмда банк мижозга товар сотиб олиш учун пул бермайди. У аввал товарнинг эгасига айланади, шу даврдаги таваккалчиликларни ўз зиммасига олади ва шундан кейингина уни мижозга сотади. Банк товарни ўз мулкига олмасдан туриб муробаҳа шартномасини туза олмайди.

Товарнинг бошланғич қиймати ва банк оладиган устама шартномада алоҳида кўрсатилиши керак. Устама қатъий сумма ёки товар қийматининг аниқ фоизи сифатида белгиланади ва кейинчалик ўзгартирилмайди.

Банк молиялаштиришни тақдим этгани ёки бундай мажбуриятни олгани учун мижоздан алоҳида комиссия, йиғим ёки бошқа тўлов ундира олмайди. Шунингдек, тўлов муддати узайтирилгани ёки кечиктирилгани учун товар нархига қўшимча устама қўшиш тақиқланади.

Тўлов кечиктирилганда шартномада неустойка назарда тутилиши мумкин. Бироқ ундирилган маблағ банк даромадига ўтказилмайди — у алоҳида ҳисобварақда сақланиб, мижоз номидан тўлиқ хайрия мақсадларига йўналтирилиши керак.

Лойиҳада олтин, кумуш ва валюталарни насияга муробаҳа асосида сотиш тақиқланмоқда. Банк мижознинг ўзига ёки унинг вакилига тегишли товарни сотиб олиб, яна ўша мижозга устама билан қайта сотиши ҳам мумкин бўлмайди.

Агар мижоз сотувчи компаниянинг 50 фоиздан ортиқ улуши ёки акцияларига эгалик қилса, банк у билан мазкур товар бўйича муробаҳа шартномасини туза олмайди.

Бундан ташқари, тўловлар тўлиқ якунланмагунча товарнинг мулк ҳуқуқини мижозга ўтказмаслик шартини белгилаш тақиқланади. Мижоз қарзни муддатидан олдин ёпса, банк тўловнинг бир қисмидан унинг фойдасига воз кечиши мумкин, бироқ бундай чегирма шартномада олдиндан кафолатланмайди.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+