Ўзбекистонда банк хизматлари қулайлиги бўйича рейтинг ишлаб чиқилмоқда
Марказий банк тижорат банкларининг аҳоли ва бизнес учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини қанчалик кенгайтираётганини баҳоловчи рейтинг тайёрламоқда. Унда хизматларнинг қулайлиги, хавфсизлиги ва сифати ҳисобга олинади. Банклар билан баҳолаш мезонлари ва дастлабки ҳисоб-китоб натижалари муҳокама қилинган.

Марказий банк тижорат банкларининг молиявий оммабоплик рейтингини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Рейтинг банкларни аҳоли ҳамда микро, кичик ва ўрта бизнесга молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш, уларни қулай, хавфсиз ва сифатли етказиб бериш бўйича таққослашга хизмат қилади.
Бу ерда молиявий оммабоплик деганда, аҳоли ва тадбиркорларнинг банк хизматларидан фойдалана олиш имконияти назарда тутилмоқда.
2026 йил 30 октябрь куни тижорат банклари вакиллари билан рейтингни шакллантириш методологияси, баҳолаш мезонлари ва дастлабки ҳисоб-китоб натижалари юзасидан фикр алмашилган.
Учрашувда кўрсаткичларни ҳисоблаш учун фойдаланилган маълумотлар ва уларнинг аниқлиги ҳам кўриб чиқилган. Шунингдек, баҳолаш жараёнини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Марказий банкка кўра, рейтингдан мақсад молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва банклар ўртасида рақобатни рағбатлантиришдан иборат.
Хабарда рейтингни эълон қилиш муддати, мезонларнинг батафсил таркиби ва банкларнинг дастлабки ўринлари очиқланмаган.









