Ўзбекистонда автокредит ва микроқарз фоиз ставкалари қандай ўзгармоқда?
Марказий банк маълумотларига кўра, микроқарзлар бўйича ўртача фоиз ставкаси ўтган ой шу даврига нисбатан 0,9 фоиз пунктга ошиб, айрим банкларда 41,6 фоизгача етган.
Автокредитларда эса 0,6 фоиз пунктлик пасайиш кузатилиб, энг паст ставка 21,2 фоиз, энг юқориси эса 28 фоизни ташкил этмоқда.

Марказий банк анъанавий равишда микроқарз ва автокредитлар бўйича банклар кесимидаги фоиз ставкаларини эълон қилди. Унга кўра, микроқарз бўйича ўртача фоиз ставкаси ўтган ойнинг тахминий шу даврига нисбатан 0,9 фоизга юқорилаб рекорд даражада қимматлаган.
Микроқарзлар
11 август ҳолатига кўра, энг паст ўртача микроқарз фоиз ставкаси ҳанузгача Алоқабанкда қайд этилди — банкда ставка 1,5 фоиз пунктга камайиб 20,6 фоизни ташкил этди. Шунингдек, нисбатан паст ставкалар қуйидаги банкларда кузатилди:
- NBU — 26%
- OFB — 26,6%
- Туронбанк — 26,7%
- InFInBank — 27%

Энг юқори ўртача ставка TBC Bankда бўлиб, у 14 июлга нисбатан 1,3 фоиз пунктга ошиб 41,6 фоизга етди. Яна юқорироқ ставкалар қуйидаги банкларда қайд этилди:
- Apex Bank — 40,8%
- Анорбанк — 40%
- Tenge Bank — 39,8%
- Davr Bank — 37,3%
Автокредитлар
11 август ҳолатига, автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23,7 фоизни ташкил этди. Бу ўтган ойга нисбатан 0,6 фоиз пунктга пастроқдир.
Банклар орасида ўртача энг паст ставкали автокредитларни Ипотека банк тақдим этмоқда. Мазкур банкда фоиз ставкаси 21,2 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан сезиларли ўзгариш бўлмаган.

Қулай шартлар таклиф қилаётган бошқа банклар:
- OFB — 21,8%
- Asia Alliance bank— 21,9%
- Асака банк — 22,4%
Нисбатан баланд автокредит эса Ҳамкорбанк ва Инфинбанкда тақдим этилмоқда. Мазкур банкларда ўртача фоиз ставкаси 28 фоизни ташкил этмоқда. Улардан кейинги ўринларда:
- Madad Invest Bank — 27,9%
- МК банк — 27,4%
- Гарант банк — 27,3%