Ўзбекистон умумий ташқи қарзи $68 млрддан ошди
Ўзбекистон умумий ташқи қарзи 2025 йил биринчи чораги якунига кўра $68,4 млдга етди — бу сўнгги бир йилдаги $14,9 млрдлик ўсишни англатади.

2025 йилнинг 1-чораги якунларига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ҳажми 68,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг "Тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарз" бўйича ҳисоботида маълумот берилган.
Мазкур сумманинг $35,8 млрди давлат ташқи қарзига, $32,6 млрди эса корпоратив ташқи қарзларга тўғри келади.
Январь-март ойларида ташқи қарз қолдиғи $4,3 млрдга ошган. Шундан $1,9 млрдлик қисми давлат ташқи қарзи, $2,4 млрди эса корпоратив ташқи қарз ҳисобига тўғри келади. Таққослаш учун, 2024 йилнинг 4-чорагида қарз ўсиши $3,9 млрдга тенг бўлган эди.
Сўнгги бир йил давомида мамлакатнинг умумий ташқи қарз қолдиғи $14,9 млрдга кўпайган. Бу кўрсаткичнинг $6,2 млрди давлат ташқи қарзи, $8,7 млрди эса корпоратив ташқи қарз улушига тўғри келади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, умумий ташқи қарз кўрсаткичи мамлакатнинг жами давлат қарзи билан бир хил эмас. 2025 йил 31 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий давлат қарзи $42,43 млрдни ташкил қилган.
Йил бошидан буён давлат қарзи $2,22 млрдга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса $7,5 млрдга ошган.
Биринчи чоракда қарз асосан ташқи манбалар ҳисобига ортган бўлиб, айни пайтда давлат қарзининг 84 фоизи ёки $35,56 млрди ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади. Бу рақам чорак давомида $1,83 млрдга ўсган.