11 952.730 so‘m

increase

15.130

14 021.750 so‘m

increase

60.730

159.480 so‘m

increase

0.010

11 952.730 so‘m

increase

15.130

1 соат аввал
Иқтисодиёт
20

Ўзбекистон ташқи қарзи бир йилда 18 млрд доллардан кўпроққа ошиб, 82,2 млрд долларга етди

2025 йилда Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 18,1 млрд долларга ошиб, 82,2 млрд долларга етди. Бунда давлат ташқи қарзи 40,5 млрд долларни, корпоратив ташқи қарз эса 41,7 млрд долларни ташкил қилди. Қарз ўсишининг асосий қисми корхоналар ва банклар томонидан жалб қилинган ташқи маблағлар ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистон ташқи қарзи бир йилда 18 млрд доллардан кўпроққа ошиб, 82,2 млрд долларга етди
Фото: AI/Pinkod.uz

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 28,2 фоизга ошиб, 82,2 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йил охиридаги 64,1 млрд долларлик кўрсаткичдан 18,1 млрд долларга кўпдир. 

Бу ҳақда Марказий банкнинг “Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи” бўйича 2025 йил якунларига бағишланган йиллик ҳисоботида маълум қилинди.

Ташқи қарз таркибида давлат ва корпоратив сектор деярли тенг улушга эга бўлиб қолмоқда. 2026 йил 1 январь ҳолатига давлат ташқи қарзи 40,5 млрд долларни, корпоратив ташқи қарз эса 41,7 млрд долларни ташкил этган. Шундай қилиб, жами ташқи қарзнинг қарийб ярми давлат, қолган қисми эса корхоналар ва банклар томонидан жалб қилинган қарзларга тўғри келади.

Давлат ташқи қарзи бир йил давомида 6,6 млрд долларга ёки 19,4 фоизга ошган. Шунга қарамай, Марказий банк маълумотларига кўра, давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбати пасайишда давом этган. Ҳисобот йилида бу кўрсаткич 0,4 фоиз бандга камайиб, 27,5 фоизни ташкил қилган. Регулятор давлат ташқи қарзи тўлиқ узоқ муддатли асосда ва асосан имтиёзли шартларда жалб қилинганини қайд этган.

Корпоратив ташқи қарз эса тезроқ ўсган. Хўжалик субъектлари ва банкларнинг норезидентлардан жалб қилган кредит ва қарзлари қолдиғи 41,7 млрд долларга етиб, ЯИМга нисбатан 28,4 фоизни ташкил этди. Бир йил ичида ушбу кўрсаткич 11,5 млрд долларга ёки 38 фоизга ошган. Корпоратив қарзларнинг 92 фоиздан ортиғи узоқ муддатли шартларда жалб қилинган.

Корпоратив ташқи қарз таркибида тўғридан-тўғри хорижий инвесторлар олдидаги қарздорлик 6,5 млрд долларни ташкил қилган. Халқаро облигациялар жойлаштириш орқали жалб қилинган маблағлар қолдиғи эса 7,3 млрд долларга етган. Қолган қисм хусусий сектор, жумладан корхоналар ва банклар томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш ва бизнес фаолиятини кенгайтириш учун давлат кафолатисиз олинган кредит ва қарзлардан иборат.

Марказий банк ҳисоботида корпоратив ташқи қарз бўйича давлат мажбурияти мавжуд эмаслиги алоҳида таъкидланган. Яъни бундай қарзлар бўйича тўловлар корхоналар ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


Аввалроқ Pinkod 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами давлат қарзи 46,85 миллиард долларга етгани ҳақида ёзган эди

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+