12 109.020 so‘m

increase

75.740

14 139.700 so‘m

increase

78.810

150.310 so‘m

increase

1.010

12 109.020 so‘m

increase

75.740

16 соат аввал
Иқтисодиёт
50

Ўзбекистон ташқи қарз орқали жалб этилган маблағларни қаерга сарфлаяпти?

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўра, Ўзбекистон жалб этаётган янги ташқи қарзлар иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган. 2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, давлат ташқи қарзи ЯИМнинг 26 фоизини ташкил этиб, халқаро меъёрлардан анча паст даражада сақланмоқда.

Ўзбекистон ташқи қарз орқали жалб этилган маблағларни қаерга сарфлаяпти?
Фото: AI/Pinkod.uz

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги янги ташқи қарзларни жалб этишдан кўзланган асосий мақсад аҳоли турмуш даражасини ошириш эканини маълум қилди

Бу жараён янги иш ўринлари яратиш, инфратузилмани ривожлантириш, тоза ичимлик суви, энергия, транспорт ҳамда ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни ўз ичига олади.

Вазирлик баёнотида қайд этилишича, ташқи молиялаштиришнинг иқтисодий мантиғи аниқ: иқтисодий ўсишни тезлаштириш учун капитал, замонавий технологиялар, ускуналар ва янги бозорлар зарур. Ресурслар жалб этилиши тўхтатилса, иқтисодий ривожланиш суръатлари секинлашади.

Қўшимча молиялаштиришсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш, йўл ва ижтимоий объектларни модернизация қилиш, сув таъминоти ва энергетика инфратузилмасини кенгайтиришда жиддий қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Шу боис Ўзбекистон иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш устида изчил иш олиб бормоқда.

2025 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 млрд долларни ташкил қилмоқда. 

Вазирлик ҳукумат номидан олинган мажбуриятлар таркибига ҳам аниқлик киритди. 75,4 млрд долларлик жами ташқи қарзнинг 37,4 млрд доллари давлат ташқи қарзига тўғри келади, бу умумий сумманинг ярмидан сал камроқдир. Қолган 38 млрд доллар эса давлат кафолатисиз жалб қилинган корпоратив қарзлардир.

Ҳозирги давлат ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 26 фоизини ташкил этади. Вазирликка кўра, бу кўрсаткич макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада бўлиб, Халқаро валюта жамғармаси тавсия этган 60 фоизлик чегарадан анча паст.

Таъкидланишича, 2017 йилдан буён Ўзбекистон ташқи қарзлар ҳисобига инфратузилмани кенг кўламда модернизация қилди. Жумладан, транспорт соҳасида 4 та Boeing 787–8 самолёти, 2 та Talgo 250 тезюрар поезди, 30 та электровоз, 29 та метро таркиби ва 1900 та автобус харид қилинди. 1564 км автомобиль йўллари реконструкция қилиниб, 470 км темир йўл линиялари электрлаштирилди.

Коммунал хизматлар соҳасида 6,8 минг км сув қувурлари, 664 км канализация тармоқлари, 96 км иссиқлик қувурлари барпо этилди, 166 та сув тақсимлаш иншооти ва 1286 та иссиқлик пунктлари қурилди. Шунингдек, 541 та ахлат ташиш техникаси харид қилинди.

Энергетика йўналишида 2,7 ГВт қўшимча қувватлар ишга туширилиб, 1,1 минг км электр узатиш линиялари қурилди. Натижада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 16,4 млрд кВт· соатга, иссиқлик энергияси эса 551,8 минг Гкалга ошди.

Қишлоқ хўжалигида 1,59 минг км каналлар тикланди, 423 та вертикал қудуқ қурилди ва 3396 та гидротехник иншоот модернизация қилинди. 2,2 минг гектарда иссиқхоналар, 12 минг гектарда интенсив боғлар барпо этилди. Шунингдек, 335 минг тонна маҳсулот сиғимига эга совитиш омборлари ва 258 минг тонна қувватли озиқ-овқат саноати лойиҳалари ишга туширилди.

Мазкур чора-тадбирлар натижасида 2017–2025 йилларда 2 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, экспорт ҳажми 270 фоизга ошди, жон бошига ЯИМ эса 4 баробардан кўпроққа кўпайди. Шу билан бирга, умр кўриш давомийлиги изчил ўсиб, 75,1 ёшга етди.

Вазирлик Ўзбекистон ташқи ресурсларни қатъий қоидалар, шаффофлик ва кучли назорат асосида жалб қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг декабрь ойидаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ташқи қарз ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар танловидан тортиб то ижросигача парламент томонидан доимий мониторинг қилиниши эълон қилингани эслатиб ўтилди.

“Лойиҳаларнинг ҳолати ва бажарилиш босқичлари реал вақт режимида эълон қилиб борилади. Бу танлов ва тендерлар жараёни, шунингдек, мажбуриятларнинг бажарилиши устидан очиқ назоратни таъминлайди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+