Ортиқхўжаев Ўзбекистондаги активларини АҚШга кўчиряпти
Рақобат қўмитаси АҚШнинг StageWise Strategies Corp. компаниясига TEG SPV улушларини сотиб олиш битими бўйича розилик берилганини маълум қилди. TEG SPV Hilton Tashkent, Wyndham Bukhara ва CAEX бизнесларини бирлаштиради.
Харидор компания ҳам Ортиқхўжаевнинг ўзига қарашли. У жорий йил июнида StageWise’нинг 74,2 фоиз акциясини 750 минг долларга сотиб олиб, компанияни ўз назоратига олган.
Октябрда эса оилага тегишли TEG SPV улушлари шу компания акцияларига алмаштирилган. Битимдан кейин АҚШ компанияси акцияларининг 99,44 фоизи Ортиқхўжаев назоратидаги компания ва унинг қизи қўлида жамланган.

Рақобат қўмитаси StageWise Strategies Corp. компанияси томонидан TEG SPV МЧЖнинг 100 фоиз улушини олиш бўйича иқтисодий концентрация битимига розилик берди.
Хабарда StageWise веб-сайтларни қидирув тизимларида ривожлантириш ва ахборот воситаларини тақдим этиш билан шуғулланувчи АҚШ компанияси сифатида тавсифланган. Харидорнинг Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқлиги эса келтирилмаган.
АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига тақдим этилган ҳужжатга кўра, Ортиқхўжаев 2026 йил 5 июнда StageWise’нинг 74,2 фоиз акциясини 750 минг долларга сотиб олган. Кейинчалик у яна 250 минг доллар эвазига 1 млн янги аксия олган.
Тўлов шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. Ҳужжатда ушбу харид натижасида компания устидан назорат Ортиқхўжаевга ўтгани очиқ қайд этилган. Компаниянинг асосий офиси манзили ҳам Тошкент шаҳри, Махтумқули кўчаси, 64/2-уй деб кўрсатилган.
Орадан тўрт ой ўтиб, Hilton Tashkent City, Wyndham Bukhara меҳмонхоналари ва CAEX кўргазма маркази бизнесларини бирлаштирувчи TEG SPV улушлари шу компания акцияларига алмаштирилган.
Битим якунлари ҳақидаги ҳисоботда операция 13 октябрда якунлангани кўрсатилган. Улушлар эвазига сотувчиларга жами 183,1 млн янги акция берилган. StageWise эса TEG Overseas деб қайта номланган.
Ҳисоботда АҚШ компанияси TEG SPV’нинг 99,99999012 фоиз улушини олгани, қолган кичик улуш Wellmore компаниясида сақлангани қайд этилган. Ўзбекистон қонунчилиги бўйича улушларга эгалик ҳуқуқи давлат реестрига тегишли ёзув киритилганидан кейин кучга кириши белгиланган.
Битимдан кейин АҚШ компанияси акцияларининг 68,30 фоизи Tourism and Entertainment Group’га, 31,14 фоизи Ортиқхўжаевнинг қизи Иродахон Абдуваҳидовага тегишли бўлган. Уларнинг жами улуши 99,44 фоизни ташкил этган. Ортиқхўжаев Tourism and Entertainment Group’нинг тахминан 99,93 фоизига эгалик қилиши кўрсатилган.
Шу тариқа, Ўзбекистондаги бизнесларга эгалик қилувчи холдинг АҚШда рўйхатдан ўтган компания таркибига киритилган, якуний назорат эса Ортиқхўжаев оиласида сақланган.
Қўмита розилик берилгани ҳақида камида 22 кун ўтиб хабар берган. SEC’га 8 октябрда тақдим этилган ҳисоботда монополияга қарши орган розилиги аллақачон олингани қайд этилган. Қўмита эса бу ҳақда 30 октябрда маълум қилган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2019 йил 31 январда Hilton меҳмонхонаси ва Конгресс-холл қуриб битказилгач, давлатга беғараз берилишини айтган. Кейинги ҳужжатларда эса меҳмонхона эгаси ва оператори AKFA Dream World экани кўрсатилган.
Очиқ манбалардаги айрим давр ва солиқ турлари бўйича маълумотларга кўра, AKFA Dream World жами 53,8 млрд сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланган. Бу сумма 2017–2024 йиллардаги барча имтиёзларни қамраб олмайди. Hilton учун берилган солиқ енгилликлари 2025 йил 1 январгача амал қилган.









