“Ўргимчак одам: Янги кун” Ўзбекистон ва Қозоғистонда касса рекордини ўрнатди
Фильм Ўзбекистонда биринчи куннинг ўзида 1,07 млрд сўм йиғиб, мамлакат кинопрокати тарихидаги рекордни янгилади. Унинг Марказий Осиёдаги дастлабки дам олиш кунлари тушуми эса $3,58 млнга етди.

“Ўргимчак одам: Янги кун” филми Марказий Осиёдаги дастлабки дам олиш кунларида $3,5 млндан ортиқ даромад келтирди. Умумий тушумнинг 10 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келди.
Фильм Ўзбекистонда 6 август куни кенг прокатга чиқди. Ascar Cinema тақдим этган дастлабки маълумотларга кўра, картина биринчи куннинг ўзида 1,07 млрд сўм ёки $90,2 минг даромад келтирди. Натижада “Ўргимчак одам: Янги кун” Ўзбекистон кинопрокат тарихидаги энг юқори бир кунлик тушумни қайд этган фильмга айланди.
Премьера кунида фильмни мамлакат бўйлаб 15 838 томошабин кўрди. Ушбу кўрсаткич ҳам картинага бўлган талаб юқори бўлганини кўрсатади. Ўзбекистон фильмнинг минтақадаги биринчи кунлик намойишлари бўйича Қозоғистондан кейинги иккинчи йирик бозорга айланди.
Маҳаллийлаштирилган версия ҳам фильм натижаларига сезиларли ҳисса қўшди. Ўзбек тилида дубляж қилинган сеанслар премьера кунидаги умумий касса йиғимининг 11,5%ини таъминлади. Бу йирик хорижий фильмларни ўзбек тилида томоша қилишга бўлган талаб тобора ошиб бораётганини кўрсатади.
Қозоғистонда фильм уч кун ичида 1,37 млрд тенге ёки $2,94 млн йиғди. Натижада “Ўргимчак одам: Янги кун” мамлакатда 1 млрд тенге даромадга энг тез эришган фильмга айланди.
Аввалги рекорд “Аватар: Сув йўли” ва “Зоотопия 2” фильмларига тегишли бўлиб, улар мазкур натижага олти кунда эришган. Фильмнинг қозоқ тилидаги версияси дастлабки дам олиш кунларидаги тушумнинг 5,6 фоизини таъминлади.
Марказий Осиёдаги даромад $3,58 млнга етди
Биринчи дам олиш кунлари якунларига кўра, фильмнинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Тожикистондаги умумий даромади 1,67 млрд тенге ёки $3,58 млнга етди.
Минтақавий касса йиғимининг асосий қисми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келди. Мамлакатда фильм 1,3 млрд тенге даромад келтириб, умумий тушумнинг 77,8 фоизини таъминлади.
Ўзбекистон 167 млн тенге эквивалентидаги даромад ва 10%лик улуш билан иккинчи ўринни эгаллади. Қирғизистондаги тушум 109,1 млн тенге ёки минтақавий натижанинг 6,5 фоизини ташкил этди. Арманистон ҳиссасига 81,5 млн тенге ва 4,9 фоиз, Тожикистон ҳиссасига эса 31,8 млн тенге ва 1,9 фоиз тўғри келди.
Фильмнинг фақат биринчи кунидаги минтақавий даромади ҳам $1 млндан ошган. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Тожикистонда биринчи 24 соат давомида қарийб 200 минг киши фильмни кинотеатрларда томоша қилган.









