Openbank’нинг 100 фоиз акцияси устав капитали 5,1 млн сўмлик компанияга ўтказилади
Openbankнинг 100 фоиз акцияси “Open Global” МЧЖга ўтказилиши кутилмоқда. Устав капитали 5,09 млн сўм бўлган ушбу компания БААдаги эркин иқтисодий ҳудудда рўйхатдан ўтган “OPEN HOLDING LLC-FZ”га тегишли. Хорижий компаниянинг якуний эгалари ҳақидаги маълумотлар очиқ эмас.

Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган маълумотга кўра, “Future Open Technology Group” акциядорларининг 5 ноябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида Openbank’нинг 100 фоиз акциясини “Open Global” МЧЖ устав капиталига улуш сифатида киритиш маъқулланган.
Қарор корпоратив тузилмани қайта ташкил этиш мақсадида қабул қилинган. Битимни расмийлаштириш компания директори вазифасини вақтинча бажарувчи Фаррух Сулаймоновга топширилган.
Очиқ реестр маълумотларига кўра, “Open Global” МЧЖ 2024 йил 7 августда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида рўйхатдан ўтган. Компаниянинг устав капитали 5,09 млн сўмни ташкил этади, асосий фаолият тури эса холдинг компаниялари фаолияти ҳисобланади.
Компаниянинг ягона таъсисчиси — Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) ташкил этилган “OPEN HOLDING LLC-FZ” бўлиб, устав капиталининг 100 фоизига эгалик қилади.
“LLC-FZ” ҳуқуқий шакли компаниянинг БААдаги эркин иқтисодий ҳудудлардан бирида ташкил этилганини англатади. Бундай ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг якуний бенефициар мулкдорлари ҳақидаги маълумотлар ваколатли органларга тақдим этилади, бироқ уларнинг реестри жамоатчилик учун очиқ эмас.
Шу сабабли “OPEN HOLDING LLC-FZ”нинг ортида турган якуний жисмоний шахсларни очиқ маълумотлар асосида аниқлашнинг имкони бўлмади.
“Future Open Technology Group” компаниясининг акциядорлик тузилмасида Шерзод Тошпўлатов асосий улушга эга. У 41,99 млн дона акцияга бевосита, яна 450,01 млн дона акцияга эгалик қилувчи “Investment Development Textile” МЧЖдаги 95,16 фоиз улуши орқали билвосита эгалик қилади.
Бироқ Шерзод Тошпўлатовнинг “Open Global” МЧЖга эгалик қилувчи БААдаги “OPEN HOLDING LLC-FZ” компаниясига ҳам алоқадорлигини тасдиқловчи очиқ маълумотлар топилмади.
Шунингдек, “Future Open Technology Group”нинг устав капиталини 512 млрд сўмдан 20 млрд сўмгача, яъни 96,1 фоизга қисқартириш белгиланган. Бунинг учун номинал қиймати 1 000 сўмдан бўлган 492 млн дона акция қайта сотиб олиниб, бекор қилинади.
Openbank дастлаб Smartbank номи остида фаолият юритган. 2025 йил бошида “Future Open Technology Group” банк акцияларининг 90,2 фоизини 451 млрд сўмга сотиб олган. 2026 йил июнида эса унинг банкдаги улуши 100 фоизга етган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг 23 октябрдаги қарори билан Openbank’ка Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун илк лицензия берилган эди.









