OpenAI тарихдаги энг кучли сунъий интеллект моделларидан бири — GPT-o3 тақдим қилди
GPT-o3 модели илм-фан, код ёзиш ва математика соҳаларида янги имкониятларга эга бўлиши кутилмоқда. Ушбу модель компания дастурчиларидан ҳам юқори натижаларни кўрсатган.
Янги моделлар: о3 ва о3 мини
OpenAI жума куни o3 ва o3 мини моделларини синовдан ўтказаётганини маълум қилди. o3 модели аввалги барча моделларни бир неча баробар ортда қолдириши кутилмоқда ва бу соҳадаги рақобатда OpenAI’ни янги даражага олиб чиқиши мумкин. Ушбу моделлар мураккаб муаммоларни ҳал қилишда аввалги o1 моделларидан кучлироқ бўлади. Бундан ташқари, илм-фан, код ёзиш ва математика соҳаларида янги имкониятларига эга бўлиши кутилмоқда.
o3 моделининг имкониятлари:
- Математик ҳисоб-китоблар бўйича o1 моделидан 3 баробар устун бўлиб, 87% масалаларни бемалол ечади.
- Codeforces платформасида янги модель 2727 рейтингни йиғди ва ҳаттоки OpenAI дастурчиларининг кўрсаткичидан ҳам ошиб кетди. Яъни, у кодни одамлардан яхшироқ ёза олади.
o3 модели AIME 2024 мусобақасида 96,7% натижага эришди ва фақат биттагина саволни нотўғри ечди.
Ҳозирча o3 модели хавфсизлик бўйича ички синовлардан ўтмоқда. OpenAI ташқи тадқиқотчилар учун ариза топшириш жараёнини очди, бу жараён 10 январда якунланади. Шундан сўнг, модель кенг оммага тақдим қилинади.
OpenAI 2022 йилда ChatGPT’ни ишга тушириб, сунъий интеллект технологияси пойгасини бошлаб юборган эди. o3 ва o3 мини моделларининг тақдимоти компаниянинг технология етакчилигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. OpenAI сентябрь ойида o1 моделларини чиқариб, қийин масалаларни ҳал қилишда катта ютуқларга эришган эди. Эндиликда o3 моделлари ундан ҳам кучли бўлиши кутилмоқда.
Янги маҳсулотларнинг оммавийлашуви OpenAI’га октябрь ойида 6,6 миллиард доллар сармоя жалб қилишга ёрдам берди. Бу эса компаниянинг технологик ривожланиш бўйича рақобатда янада олдинга чиқишини таъминлайди.