OpenAI судга миллионлаб махфий ChatGPT суҳбатларини топширади
OpenAI The New York Times билан бўлаётган муаллифлик ҳуқуқи можаросида миллионлаб анонимлаштирилган ChatGPT фойдаланувчи суҳбатларини судга тақдим этиши шарт бўлди. Суд қарори OpenAI’нинг махфийлик бўйича эътирозларига қарамай қабул қилинди.

OpenAI The New York Times (NYT) билан давом этаётган муаллифлик ҳуқуқи бўйича суд жараёнида миллионлаб анонимлаштирилган ChatGPT суҳбат ёзувларини тақдим этиши шарт бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Федерал судья Она Ванг мазкур 20 миллионга яқин ёзув низо учун муҳим далил бўлиши мумкинлигини, шу билан бирга анонимлаштириш орқали фойдаланувчиларнинг шахсий дахлсизлиги бузилмаслигини таъкидлади.
OpenAI бундан олдин махфийлик хавфи сабабли ёзувларни беришни рад этган эди. Компания вакилларининг айтишича, фойдаланувчи чатлари жуда нозик маълумотларни ўз ичига олади ва уларни ошкор қилиш узоқ йиллардан бери амал қилинаётган хавфсизлик меъёрларига зид. Бироқ судья Ванг OpenAI қўллаётган “кенг қамровли анонимлаштириш” чоралари бундай хавотирларни етарлича камайтиришини билдирди.
NYT ва бошқа ахборот агентликлари бу чат логлари ChatGPT уларнинг муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материалларини такрорлаган-такрорламаганини аниқлаш учун зарурлигини таъкидлаб келмоқда. Шунингдек, улар OpenAI илгари илгари сурган “нашрлар чатботга атайлаб бузиб кирган” деган айбловни рад этиш учун ҳам ушбу ёзувлар муҳим эканини айтган.
OpenAI эса аксинча, суҳбатларнинг “99,99 фоизи” даъво билан умуман боғлиқ эмаслигини ва уларни тўлиқ тақдим этиш ортиқча эканини билдирди.
Шунга қарамай, суд OpenAI’га барча шахсни аниқловчи элементлари олиб ташланган чат ёзувларини етти кун ичида топширишни буюрди. Бу иш 2023 йилда Times томонидан қўзғатилган ва ҳозирда технология компаниялари билан нашриётлар ўртасидаги энг йирик муаллифлик ҳуқуқи можароларидан бири ҳисобланади.









