Олтин қуймалари нархи кетма-кет бешинчи кун рекорд янгилади
Айни пайтда 1 грамм олтин 1 млн 792 минг 240 сўмга тенг бўлиб, йил бошидан буён нархлар 58,3 фоизга ошган. Шу билан бирга, жаҳон бозорида олтин нархи қисқа муддатда 4 550 долларгача кўтарилиб, кейин коррекция туфайли 4 470 долларга пасайди.

Ўзбекистонда олтин қуймалари нархи кетма-кет бешинчи кун рекорд даражани қайд этди.
Марказий банк маълумотларига кўра, айни вақтда 1 грамм олтин қуймасининг нархи 1 млн 792 минг 240 сўмни ташкил қилмоқда. Жумладан, 5 граммлик қуймалар нархи 8,961 млн сўмга баҳоланди.

Йил бошидан буён мамлакатда олтин қуймалари нархи 58,3 фоизга ўсган. Қуймалар нархи 59-марта рекорд ўрнатди.
Жаҳон бозорида эса вазият ўзгарувчан. 29 декабрь куни савдолар давомида олтин нархи бир муддат 4 550 долларгача кўтарилди. Бироқ, шундан сўнг нархлар коррекцияси (тузатилиш) кузатилиб, хабар тайёрланаётган вақтда қимматбаҳо металл нархи 4 471 долларгача пасайди.

Мутахассислар нарх ўсишини АҚШда фоиз ставкалари яна пасайтирилиши кутилаётгани, шунингдек, хавфсиз активларга бўлган талабнинг кескин ошиши билан изоҳламоқда.
Анъанавий равишда хавфсиз актив сифатида қараладиган олтин геосиёсий ва савдо зиддиятларининг кучайиши, марказий банкларнинг барқарор харидлари ҳамда келгуси йилда фоиз ставкалари пасайиши ҳақидаги кутилмалар фонида қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ долларининг заифлашуви ҳам олтин нархининг ошишига қўшимча туртки бермоқда. Бу ҳолат қимматбаҳо металлни хорижий харидорлар учун нисбатан арзонлаштирмоқда.

Кумуш бозорида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди: нархлар аввалига 83,93 долларгача кўтарилган бўлса-да, кейинчалик савдолар жараёнида 75,85 долларгача арзонлашди.
Бунга оқ металлга бўлган талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Жорий йил бошида АҚШ ҳукумати кумушни муҳим (стратегик) металл сифатида белгилади, бу эса унинг жозибадорлигини янада кучайтирди.









